Тошкент вилоятида банк ходими 754 млн. сўмлик кредит маблағларини талон-тарож қилган

yangiyol_shahri.jpg

Фото: yuz.uz

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида кредит маблағини талон-тарож қилган банк бош ҳисобчиси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Ўзмиллийбанк” АЖ Янгийўл филиали ходимининг мазкур иши юзасидан Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Мурожаатга асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, Янгийўл филиали бош ҳисобчиси Ж.М. кредит маблағларини ўзлаштириш мақсадида, акаси Ж.нинг номига “Z.B.” МЧЖни ташкил қилиб, 11 нафар фуқаронинг номига кредит ҳужжатларини расмийлаштиргани аниқланган.

Бош ҳисобчи Ж.М. фуқароларга ажратилган 754 млн. сўмни дастлаб “Z.B.” МЧЖ ҳисоб-рақамига ва у орқали пластик картага ўтказиб, тарон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-моддаси (сохта тадбиркорлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

×