Юлий Юсупов: Катта эҳтимол билан сўмнинг кескин қулаши бўлмайди

Иқтисодчи, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов Россияга қарши санкциялар ва Россия иқтисодиётидаги инқироз Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши тўғрисида Repost.uz нашрига интервью берди.

yuliy_yusupov.png

Юлий Юсупов
Фото: Халқаро пресс-клуб

Ю.Юсупов интервью давомида, сўнгги воқеалар фонида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан қадрсизланиши мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Қуйидаги интервьюнинг мазкур қисмини келтирамиз.

- "Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши, албатта ўз ўзидан чет эл валютасининг мамлакатга кириб келишини камайтиради. Бундай инқироз пайтларида ўз активларини хорижий валютага айлантириб (конвертация қилиш орқали) хавфсиз қилиш истаги ҳамда миллий валютанинг қадрсизланишини кутиш, хорижий валютага бўлган талабни янада кучайтиради, албатта. Буларнинг барчаси, табиийки, муқаррар равишда сўм курсига босим ўтказади. Хорижий валютага бўлган талабнинг кескин ўсиши туфайли Қозоғистон тенгеси аллақачон пасайишни бошлаган. Сўм Марказий банкнинг қаттиқ назоратида бўлгани учун ҳам ҳали тушмаяпти.

Асосан, Марказий банк ўз захиралари ҳисобига валюта курсини сунъий равишда узоқ муддат ушлаб туриши мумкин. Бунда мантиқ бор: валюта курсининг барқарорлиги ҳам девальвацияга таъсир қилади, ҳам инфляцион кутилмаларини камайтиради ва хорижий валютага шошилинч талабни пасайтиради.

Аммо бундай сиёсатнинг иккита катта камчилиги бор: Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари йўқотилади ва ишлаб чиқарувчиларимизнинг (экспортчилар ва импорт билан рақобатлашувчи компаниялар) рақобатбардош мавқеи миллий валюталари қадрсизланган мамлакатларга (Россия, Қозоғистон) нисбатан ёмонлашади. Ўзбекистонда бу мамлакатларнинг маҳсулотлари арзонлашади, бизнинг маҳсулотларимиз эса бу мамлакатларда қимматлашади.

Шу боис катта савол туғилади: Марказий банк сўм курсини қанча вақт ушлаб туриши мумкин? Балки, товарларимиз экспортининг ўсиши туфайли валюта курсини қаттиқ ушлаб туриш керак бўлмаслиги мумкин. Ҳар ҳолда, катта эҳтимол билан сўмнинг кескин қулаши бўлмайди, аммо миллий валютанинг девальвацияси (ҳозирча суст) босқичма-босқич тезлаши эҳтимоли бор." 

×