Иллюстратив фото
Хабарингиз бор, Россия-Украина можаролари ортидан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Россиянинг бир қатор компаниялари ҳамда жисмоний шахсларига нисбатан санкциялар жорий қилди ва келажакда ҳам давом эттиришини билдирди. Санкциялардан Россия банклари ҳам четда қолмади.
Санкцияларнинг биринчи пакети
Санкцияларнинг илк транши Россия томонидан расман Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг тан олиши туфайли қўлланилди.
22 февраль куни Буюк Британия томонидан эълон қилинган аксилроссия санкциялари пакетига 5 та рус банки киритилди. Булар "Промсвязьбанк", "Банк Россия", "ИС-Банк (Индустриальный Сберегательный Банк)", "Черноморский банк развития" ҳамда "Генбанк".
Буюк Британия билан бир кунда Америка Қўшма Штатлари ҳам ўзининг аксилроссия санкциялари тўғрисида эълон қилди. АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган санкциялар пакетига Россиянинг "Промсвязьбанк" ҳамда "Внешэкономбанк" банклари киритилди.
“Санкциялар шуни англатадики, "Внешэкономбанк" ва "Промсвязьбанк" энди АҚШда бизнес юрита олмайди ва АҚШ молия тизимидан узилади. Уларнинг АҚШ юрисдикциясидаги барча активлари музлатилган ва АҚШ фуқаролари ва юридик шахсларига Хорижий активларни назорат қилиш идорасининг махсус рухсатисиз улар билан бизнес юритиш тақиқланган”, — дейилади америкаликлар баёнотида.
Ушбу санкциялари Россия иккинчи рақамли ташқи савдо ҳамкори бўлган Ўзбекистонга ҳам билвосита таъсир қилмай қолмайди. Bankers.uz Ўзбекистон банклари вакиллик муносабатлари ўрнатган банкларни ўрганиб чиқди ва уларнинг қайси бирларида санкциялар остидаги рус банклари билан ҳамкорлик алоқалари мавжудлигига қизиқди.
Ҳозирда 7 та тижорат банки АҚШ ва Буюк Британия санкциялари остидаги "Промсвязьбанк" билан вакиллик алоқаларига эга. Булар Агробанк, Ипотека-банк, Қишлоқ қурилиш банк, Универсалбанк, Капиталбанк ҳамда Asia Alliance Bank.
Ўзмиллийбанк эса ғарб санкциялари остидаги яна бир рус банки "Внешэкономбанк" билан вакиллик муносабатлари ўрнатган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги аксарият тижорат банклари Ўзмиллийбанк орқали Россия ва бошқа хорижий мамлакатлар банклари билан боғланган.
Санкцияларнинг иккинчи пакети
24 февраль куни Украина ҳудудида Россия ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Россиянинг ушбу ҳаракатларига Буюк Британия, АҚШ, Канада кун якунига келиб жавоб санкцияларини эълон қилди.
Санкцияларнинг навбатдаги пакетига Россиянинг давлатга тегишли ва банк тизимидаги иккинчи рақамли молия муассасаси бўлган "ВТБ" ва "ФК Открытие" банклари, "Ростех" таянчи бўлган "Новикомбанк" ҳамда хусусий "Совкомбанк" ва уларнинг Вьетнам-Россия қўшма банки (ВРБ), РГС-банк и "Росгосстрах" каби шўба корхоналари ҳам киритилди.
Россиянинг энг йирик банки бўлган "Сбербанк" га нисбатан ўзига хос санкциялар қўйилди. Молия муассасаи CAPTA рўйхатига қўшилди, бу АҚШдаги вакиллик (корреспондент) ҳисобларига чекловларни назарда тутади. 30 кун ичида барча Америка молия институтлари Сбербанкнинг ҳар қандай вакиллик ҳисобларини ёпишлари ва банк ёки унинг шўба корхоналари билан боғлиқ ҳар қандай операцияларни рад этишлари керак. Шу билан бирга, Сбербанкнинг АҚШ юрисдикциясидаги активлари музлатилмайди ва Америка институтларига Сбербанк билан бошқа бизнес юритиш умуман тақиқланмаган. Шу билан бирга Сбербанк ва унинг шўба корхоналарига нисбатан қўйилган санциялар 26 мартдан бошлаб кучга киради.
“Ушбу ҳаракат Сбербанкнинг доллардаги операцияларга киришини чеклайди. Сбербанк Россиядаги энг йирик банк бўлиб, Россия банк сектори барча активларининг деярли учдан бир қисмига эгалик қилади, жаҳон молия тизими билан чамбарчас боғлиқ ва Россия молия тизими учун тизимли аҳамиятга эга”, — дейилади Оқ уй хабарида.
Россиянинг Газпромбанкига нисбатан ҳам тўлиқ санкция жорий этилмади. АҚШ ҳукумати молия муассасасига нисбатан 14 кундан ортиқ муддатга АҚШ капитал бозорида маблағларни жалб қилиш бўйича чекловлар ўрнатди. Газпромбанк "бундай чекловлар банкнинг жорий операцион фаолиятига тўсқинлик қилмаслигини" билдирмоқда.
Ўзбекистон банкларидан 10 таси Сбербанкнинг ўзи билан, 1 та Инфинбанк ВТБ билан, яна 8 таси ҳам Сбер, ҳам ВТБ билан вакиллик муносабатлари ўрнатган.
Ўзмиллийбанк, Ипотека-банк, Туронбанк, Универсал банк, Инфинбанк, Ориент Финанс банкларнинг Газпромбанкда, Қишлоқ қурилиш банк, Hamkorbank, Трастбанк, Капиталбанкларнинг Новикомбанкда вакиллик ҳисобварақлари мавжуд.
Россиянинг хусусий банкларидан бўлган "Транскапиталбанк" Ўзбекистоннинг Агробанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Туркистонбанк, Универсалбанк, Капиталбанк, Давр-банк, Инфинбанк, Asia Alliance Bank'лари билан, Австриянинг Райфайзенбанкининг Россиядаги шўба банки КДБ Банк Ўзбекистон ва Асакабанклар билан, Банк Солидарность, Тинькофф ҳамда Альфа банклар Asia Alliance Bank билан вакиллик алоқаларига эга.
Санкцияларга нисбатан ўзбек банкларининг муносабати
Ўзбек банкларидан биринчи бўлиб Hamkorbank Россиянинг Сбербанки мобил иловаси орқали ўзининг карталарига пул ўтказмалари кирим қилиниши вақтинча тўхтатилганини билдирди.
КДБ Банк Ўзбекистон эса Россиядан тўловни амалга оширишдан олдин, тўлов занжирида санкциялар рўйхатига киритилган банклар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар ҳамда уларга боғлиқ бўлган шахслар йўқлигига аниқлик киритишни ва ушбу жараёнда, россиялик контрагентларга ҳам мурожаат қилишни сўради.
Бошқа банклар ҳали бу борада расмий муносабат билан чиққанича йўқ. Шу билан бирга, Bankers.uz билан суҳбатлашган айрим давлат ва хусусий банклар мутахассислари Россия банклари билан алоқалар ҳозирча амалга оширилмаётганини билдирди.
Мирзаолим Дилшодов
Тасодифий хабарлар
Халқаро молия корпорацияси Ўзсаноатқурилишбанкка 75 млн. АҚШ доллари ажратмоқда
2023 йилда олдинги йилга нисбатан 2,5 трлн сўм кўпроқ ипотека кредитлари ажратилган
Ўзмиллийбанк Самарқанддаги заводни 115,8 млрд сўмга сотувга қўйди