фото: podrobno.uz
Podrobno.uz сайтида «Куда уходят деньги? Клиенты «Алокабанка» жалуются, что при обналичке пропадают 20 тысяч сумов, причем без каких-либо уведомлений» сарлавҳаси остида чоп этилган хабардаги ҳолат Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан назоратга олинди.
АТ “Алоқабанк”нинг мазкур ҳолат юзасидан берган тушунтиришидан келиб чиқиб, АТ “Алоқабанк”ка қарашли банкоматлар орқали истеъмолчиларнинг UnionPay International халқаро тўлов тизимига тегишли банк карталаридан нақд пул ечилганда тўлов транзакцияларини таснифлаш тизимида юзага келган техник хатолик сабабли истеъмолчилардан асоссиз равишда ортиқча банк комиссияси ундирилганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, АТ “Алоқабанк” бошқарувига ортиқча ундирилган банк комиссиясини жабрланган истеъмолчиларга тўлиқ қайтариш ҳамда техник хатолик келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш тўғрисида кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш давомида АТБ “Савдогарбанк” томонидан кредит маблағлари ажратилишида айрим мижозлардан банк хизматлари тарифларида кўзда тутилмаган ва кредит шартномаларида белгиланмаган бир марталик тўловлар ундирилганлиги ҳолатлари аниқланди.
Мазкур қоидабузарлик бўйича Марказий банк томонидан АТБ “Савдогарбанк”ка нисбатан белгиланган тартибда жарима санкцияси қўлланилди ҳамда асоссиз равишда ундирилган бир марталик тўловлар жабрланган мижозларга тўлиқ қайтарилиши ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан кўрсатма берилди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати барча тижорат банкларига банкнинг дастурий таъминотида юзага келган носозликлар истеъмолчиларнинг мажбуриятлари ортишига ва уларнинг қонуний манфаатларига зарар етишига олиб келмаслиги, истеъмолчилардан банк хизматлари тарифларида кўзда тутилмаган ва улар билан тузилган шартномаларда белгиланмаган тўловлар ундирилмаслиги лозимлигини эслатиб ўтади ҳамда бундай ҳолатларга йўл қўйилиши банкка нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда санкциялар қўлланилишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдиради.
Марказий Банк матбуот хизмати
Тасодифий хабарлар
ЕТТБ ва ХМК Ўзбекистондаги TBC-Bank акцияларини сотиб олади
Октябрда муаммоли кредитлар миқдори деярли ўзгармади
Агробанкнинг барча филиаллари биноларида қуёш панеллари ўрнатилди