Пластик карталар, терминаллар, банкоматлар ва инфокиоскларнинг январ ойи бўйича статистикаси эълон қилинди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь ойи давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди

Январь ойи давомида пластик карталар 101,4 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 27,2 миллион донадан ошди. Бу ойда Асакабанк ва Агробанкдан ташқари қолган барча банк эмиссия қилган карталари сони кўпайган. Энг кўп ўсиш TBC Bank (45,6 мингта), "Ипак Йўли" банки (34,1 мингта), Ипотека-банк (27,1 мингта), Ўзсаноатқурилишбанк (26,6 мингта), Ўзмиллийбанк (22,8 мингта) ҳамда Hamkorbank (20,9 мингта) да кузатилган. Шу билан бирга, Асакабанк (-135,7 мингта) ва Агробанк (-9,7 мингта) томонидан чиқарилган карталар сонида камайиш кузатилган. ANORBANK, Туркистонбанк, Мадад инвест банк, Пойтахтбанклар томонидан эмиссия қилинган карталар сонида эса ўзгариш кузатилмаган. Бу банк томонидан тақдим этилган ёки Марказий банк томонидан кўрсатилган маълумотларнинг янгиланмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Терминаллар сонида ҳам ўсиш қайд этилган — 486 дона. Энг кўп терминал Алоқабанк (833 та) томонидан ўрнатилган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш Халқ банки (-233 дона), Савдогарбанк(-133 дона), Асакабанк (-131 дона) ҳиссаларига тўғри келган.

Ўзбекистонда 2022 йил январь ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 101 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан Агробанк (64 дона) ва Савдогарбанк (14 дона) ўрнатган инфокиоск (ёки банкомат)лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 3 та банк — Hamkorbank, Асакабанк ва Ипотека-банкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш бўлган бўлса, 22 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь ойи давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 24 млн. сўм атрофида тушум тушмоқда.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь ойи давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

atm-02-22 (1)

×