Фото: uz24.uz
14 февраль, душанба куни Тошкентдаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Агробанк” АТБ Бошқарувининг 2021 йил якунлари ва 2022 йил режаларига бағишланган очиқ ҳисоботи бўлиб ўтди.
Тадбирда Агробанк Кенгаш аъзолари, йирик акциядорлар, корпоратив мижозлар, Бош офис раҳбар ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, хусусан Bankers.uz нашри ҳамда блогерлар иштирок этди.
Ўтган йил сарҳисоби
Фото: uz24.uz
Ўтган 2021 йилда банк томонидан иқтисодиёт тармоқларини молиялаштириш, тадбиркорлик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 25,4 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3,5 трлн. сўмга ёки 116 фоизга кўпроқни ташкил қилди.
Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 125 мингта мижозга 3,2 трлн. сўм кредитлар ажратилган бўлса, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 1 266 та 4,2 трлн. сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди.
2021 йилда халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 126 та лойиҳага 311 млн. доллар миқдорида кредит маблағи ажратилди. Пахта тўқимачилик кластерларнинг 18 та 404,3 млн. долларлик лойиҳаси молиялаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг декабр ойида Агробанк ребрендинг ўтказди ва мижозлар учун янада қулай ва шаффофликка асосланган иш тизимини жорий этди. “Агробанк” АТБ трансформациясини амалга ошириш мақсадида ОТБ ва KPMG компаниялари жалб қилиниб, банк ривожлантириш стратегияси ва банк бизнес модели ишлаб чиқилди.
Фермерлар мактаби
Қишлоқ хўжалигида замонавий билимларни жорий қилиш мақсадида юртимизнинг бир қатор олий ўқув юртлари билан бирга 5 та ҳудудда “Фермерлар мактаби” ташкил қилинди.
Мактабларда қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, ўсимликлар ҳимояси, бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича дарслар берилмоқда. 2021 йил ноябрдан республика бўйича 15 мингга яқин фермер хўжаликлари раҳбар ва ишчилари ўқитилди. 2022 йил якунига қадар яна 65 мингта фермер ўқишларга жалб қилинади.
2021 йилда фермерлар ва томорқа ер эгалари учун қишлоқ хўжалигида “100 та китоб” тўплам лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Ушбу тўпламдан 10 мингта чоп этиб, тарқатилди. Электрон шаклда agrobank.uz сайти ва Telegram-бот орқали фойдаланиш имконияти яратилди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишида 40 турдаги ўсимликни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича китоблар тўплами тайёрланди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларини сотиб олиш ва сотишга ихтисослашган “AgroZamin” платформаси яратилди. 2022 йилда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш бўйича Агрохизматлар марказлари ташкил қилинмоқда.
2022 йилги режалар
Фото: uz24.uz
2022 йилга режалар қаторидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун жами 32 трлн. сўм кредит ажратиш ва ўтган йилга нисбатан ўсишни 7 трлн. сўм ёки 126 фоизга етказиш режалаштирилган бўлиб, шундан оилавий тадбиркорлик йўналишида 3,9 трлн. сўм кредит ажратилади. Ҳудудларда жами 807 та лойиҳани молиялаштириш учун 4,9 трлн. сўмлик кредит маблағи йўналтириш кўзда тутилган.
Туманларда Agrolab ўсимликларни ҳимоя қилиш фаолияти хизмати ташкил этилади. Бу шохобча орқали кўчма ва карантин лабораторияси, тадқиқот учун иссиқхона ва ер даласи, умумий амалиёт хонаси, тайёр маҳсулотларни сотиш дўкони, юк автомобиллари ҳамда агрегатлар базаси ташкил этилади.
Агробанк тизимидаги янги технологиялар
Фото: uz24.uz
“Агробанк” АТБ томонидан кичик ва ўрта бизнес, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишга йўналишида мижозлар учун 30 га яқин янги хизматлар жорий қилиниб, кўрсатилаётган масофавий хизматлар ҳажми оширилди.
Хусусан, юридик ва жисмоний шахслар учун мобил илова орқали онлайн кредитлар жорий қилинди. Бу йўналишда Транскапиталбанк (Россия), Ханабанк (Жанубий Корея) лар билан биргаликда жорий қилинган онлайн халқаро пул ўтказмалари хизматлари йўлга қўйилди.
Жорий йил январь ойидан хорижда меҳнат фаолияти олиб бораётган ватандошлармиз ва уларнинг оила аъзолари учун Agrobank Mobile иловаси орқали “Мадад” онлайн микроқарзи жорий қилинди. Энди халқаро пул ўтказмаси амалга оширган мижозга 10 млн. сўмгача масофадан кредит ажратилади.
2021 йилда банк Chakana.uz маркетплейсини ишга туширди. Бу платформа орқали мижозлар маиший техника ва жиҳозларни банкка келмасдан масофадан сотиб олишлари мумкин.
Банк Республикамизда биринчилардан бўлиб Картомат қурилмасини татбиқ қилди. Бу қурилма орқали мижоз банк картасини олиш учун “Face-ID” тизими орқали идентификация қилинади ва карта автомат тарзда расмийлаштириб берилади. Бугунги кунда банкнинг ҳудудий филиалларида 44та картомат қурилма ўрнатилди. 2022 йил давомида эса барча филиалларга (жами 170та) бундай қурилмалар ўрнатилиши режа қилинган.
Фото: t.me/bankmijoz
Банк трансформацияси жараёнида IT технологияларни янги поғонага олиб чиқиш учун хориж банклари (Сбербанк (Россия) ва Зираатбанк (Туркия)) ўрганилди. Бунда, ушбу йўналишда банк томонидан жорий йилда амалга оширадиган лойиҳалар аниқлаб олинди ва ахборот тизимини ривожлантириш бўйича дунёда етакчи консалтинг компаниялари билан биргаликда банкнинг IT стратегиясини ишлаб чиқилди.
2022 йилда ҳам бу борадаги ишлар жадаллаштирилиб, янги “Смарт офис” лойиҳасини амалга оширилади. Аҳоли гавжум жойларда ташкил қиладиган ушбу офислар орқали мижозлар банк ходими иштирокисиз банк амалиётларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бу офислар 24/7 режимида ишлайди. Шунингдек, банкнинг хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида янги рақамли “Fresh” филиали фаолиятини ривожлантирилади.
Банкни трансформация жараёнида хорижий нуфузли компаниялар билан биргаликда таваккалчиликларни бошқариш тизими, скоринг моделининг дастлабки босқичи йўлга қўйилди.
Хорижий эксперт тавсиялари асосида стресс-тест сценарийлари ўтказилиши такомиллаштирилди. Банкнинг операцион рискларини олдини олиш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилди.
Жумладан, ликвидлилик ва бозор рискларини бошқаришда ликвидлилик кўрсаткичларини, банкнинг депозит базаси ва мажбуриятларининг концентрацияси, ГЭП-таҳлил, VaR ҳисоботи, фоиз ставкалари ўзгаришини банк фойдасига таъсири ва валюта позициясини аниқлаш ҳамда баҳолаш ва мониторинг қилишни йўлга қўйилди.
Шунингдек, хорижий экспертлар билан биргаликда кредитлаш жараёнини Андеррайтинг тизими орқали ажратиш йўлга қўйилди.
Кредит ҳужжатларининг тўлиқлиги, таъминотнинг тўғри расмийлаштирилгани ҳамда белгиланган меъёрлар бажарилишини текшириш, мониторингини юритиш бўйича кредитларни бошқариш бўйича бош офисда янги таркибий тузилма ташкил этилди.
“Агробанк” АТБ жамоаси аҳоли ва мижозларга банк хизматларни кўрсатишда 2022 йилда ҳам кенг кўламли ислоҳотларни жадал давом эттиради.
Тасодифий хабарлар
Тўлов терминаллари сони сентябрь ойида 2,7 мингтага камайди
"BANK APELSIN" АЖ номи "UZUM BANK" АЖга ўзгартирилиши расман маълум бўлди
Asia Alliance Bank "хусусийлаштирилди"