Чирчиқда қалбаки ҳужжатлар орқали банкдан 4 млрд. сўм кредит олган фирибгар аниқланди

photo_2022-02-14_10-30-12

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида сохта ҳужжатлар орқали банк муассасасидан 4 млрд. сўм кредит олган фирибгар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “G.I.” МЧЖ раҳбари Ж.Э. “I.” МЧЖга тегишли 3-қаватли нотурар жой биноси интернет сайтлари орқали сотувга қўйилганлигидан фойдаланиб, объектнинг кадастр ҳужжати, МЧЖ раҳбарининг имзо ва муҳрини қалбакилаштириб, ушбу ҳужжатлар орқали бинони гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк муассасасидан 4 млрд сўм кредит маблағини олишга эришиб, ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги, шунингдек, тижорат банки филиали масъул шахслари Ж.Э. томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқ ўрганмаганлиги ҳамда кредит маблағининг мақсадли сарфланиши мониторинг қилинмаганлиги оқибатида, тадбиркор ва банк манфаатларига 4 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Чирчиқ шаҳрида Ипотека-банк, Hamkorbank, Халқ банки, Ўзсаноатқурилишбанкларнинг филиаллари мавжуд.

Аввалроқ, Андижон вилоятида Халқ банки ходимлари томонидан 4,6 млрд. сўм ўзлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

×