USSO Design студияси томонидан таклиф қилинган сўмнинг график белгиси концепт-лойиҳаси
Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – “сўм”нинг молия бозорида халқаро нуфузини ошириш ва кенг жамоатчилик ўртасида танилишини таъминлаш мақсадида Марказий банк томонидан миллий валюта “Сўм рамзи”ни яратиш бўйича танлов ўтказилмоқда.
Хабарга кўра, танловда мамлакатнинг миллий валютасини халқаро миқёсда ўзига хослиги, халқимизнинг маданий қадриятлари ва бошқалардан ажралиб турувчи хусусиятларини ифодаловчи энг яхши график ишлар аниқланади.
Танловда иштирок этиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари қатнашиши мумкин. Иштирок этиш учун талабгорлар 2022 йил 31 мартга қадар ариза, ўз ғояси тасвири ва концепциясини tanlov@cbu.uz электрон манзилига юборишлари лозим.
Ғолибга Марказий банк томонидан пул мукофоти тақдим этилади.
Танлов қоидалари бу ерда батафсил келтирилган.
Сўмнинг график белгисини яратиш бўйича фикрлар илк бора 2019 йил 31 январда "Менинг фикрим" жамоавий мурожаатлар порталида билдирилган эди. Ўшанда мурожаат муаллифи И.Ш.Холбоев Марказий банк томонидан дизайнерлик танловини ўтказиш орқали сўмнинг график кўриниши лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилган эди. Таклиф етарлича овоз ололмаган бўлса-да (10 мингта овоз олиши лозим бўлганда, 585 киши овоз берган. Овоз берганларнинг барчаси ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган), 2019 йилнинг октябрига келиб қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририда ушбу ғоя акс этган эди.
Ушбу қонуннинг 39-моддасида "Сўмнинг рамз тарзидаги график белгиси Марказий банк томонидан тасдиқланади", дейилган.
Тасодифий хабарлар
Тижорат банклари пойтахтдаги 100 та маҳаллада кутубхона очади — рўйхат
Нишон туманида 713 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди
"APEX BANK" АЖ бошқарув раисига биринчи ўринбосар тайинланди