Дмитрий Харченко: Халқ банки Ўзбекистоннинг етакчи молия муассасасига айланади!

Хорижий тажриба

Халқ банки жуда катта марралар остонасида турибди. Чунки муассасада янгиланишлар кўлами 1621860321 кенг. Бу ерда, мана, иккинчи йилдирки, трансформациялаш ислоҳотлари амалга ошириляпти. Шу мақсадда чет элдан тажрибали мутахассислар ҳам жалб қилинган. Улар орасида россиялик Харченко Дмитрий Евгеневич ҳам бор. У Москвадаги "Фонтвел" инвестиция компаниясида савдо департаменти директори, "ЮНИСТРИМ" (ОАЖ) тижорат банкида банк карталари бошқармаси бошлиғи, “НОТА-Банк” (ОАЖ) да пластик карталар бошқармаси бошлиғи, “Агроторг” (X5 RETAIL GROUP) МЧЖда директор ўринбосари, “Давр банк” акциядорлик тижорат банкида Бошқарув Раиси маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. 2020 йилдан буён эса Халқ банки Бошқаруви Раисининг ташкилий ўзгаришлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида меҳнат қилмоқда. Жаноб Харченко билан суҳбатимиз Халқ банки стратегиясининг ўзига хос жиҳатлари хусусида бўлди.

— Суҳбатимиз аввалида банк стратегияси тушунчаси ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

— Стратегия — режалаштирилган мақсадларга эришиш йўли. Бошқача айтганда, кўзланган марраларни забт этиш тизими. Ҳар қандай банк ўз олдига маълум мақсадларни қўйиб иш юритади ва шу асосда ўз стратегиясини ишлаб чиқади. Халқ банки мисолида айтсак, ҳозир бизнинг асосий мақсадимиз мамлакатдаги энг яхши банкка айланиш. Стратегиямизнинг бош ғояси ҳам шу.

— Сизнингча, банк стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш учун нималарга эътибор қаратиш керак ва бу борада Халқ банкида қандай ишлар олиб бориляпди?

— Шундай ходимлар борки, уларнинг иштирокисиз стратегияни амалга ошириш имконсиз. Биринчи галда ана шундай мутахассисларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бундан ташқари, замонавий банклар учун муҳим бўлган рақамли технологиялар ҳам муваффақият омили ҳисобланади. Ҳозир Халқ банкида ҳар икки жабҳада иш қизғин. Масалан, Ўзбекистондаги барча банклар бевосита инновацион фаолият билан шуғулланувчи алоҳида департаменти борлиги билан мақтана олмайди. Бошқарув Раиси мазкур тузилмани банк учун истеъдодли, қобилиятли ходимларни “етиштириб” берадиган “иссиқхона” деб бежиз эътироф этмайди.

Айни вақтда муассасамизда босқичма-босқич ходимлар амалмашинуви жараёнлари давом этмоқда. Аммо бу жараённи бирданига бажариб бўлмайди. Негаки, ҳамма ходимларни бир вақтнинг ўзида янгилаш, қайта ўқитиш ёки алмаштириш имконсиз. Бу ҳолда банк ўзини тиклай олмайди. Қолаверса, Ўзбекистон меҳнат бозорида мутахассис кадрларга эҳтиёж катта. Шу боис банкнинг Кадрлар департаменти бу бўйича муайян ишларни олиб бормоқда. Яъни ходимлар босқичма-босқич янгиланяпти, қайта ўқитилмоқда. Ҳатто шу мақсадда Ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш департаменти ҳамда “Банкирлар тренинг мактаби” фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

Банкни рақамлаштириш ҳақида тўхталадиган бўлсам, ҳозир “Middlewаре” номли янги платформани сотиб олиш юзасидан дастлабки тендерлар бошланган. Жараён ниҳоясига етгач, янги маҳсулотларни яратиш ва жаҳондаги бошқа банклар билан рақобатлашиш имкониятига эга бўламиз.

Масалан, пластик карталар бизнесини олиб қарайлик: мавжуд конструкция билан уларни кўп миқдорда ишлаб чиқаришга техник томондан тайёр эмасмиз. Шунингдек, Халқ банки мобил иловасида ҳам камчиликлар йўқ эмас. Аммо уни янгилаш бўйича банк Бошқаруви қарори қабул қилинган ва бу борада тегишли иш олиб бориляпти. Бинобарин, тендерлар якунига етиб, янги етказиб берувчилар танлангач, замонавий мобил иловаларимиз яратилади.

— Бугун молия бозорида рақобат жуда кучли. Шундай шароитда мижозлар ишончини қозониш учун нималарга эътибор қаратиш жоиз, деб ҳисоблайсиз?

— Бозор муносабатларидаги ҳар қандай назарияга асосан мижоз талаби — устувор мезон. Бу жиҳат эътиборга олинмаса, мижозга у учун кераксиз хизмат таклиф қилинади ва ҳатто у маҳсулотни сотиб олган тақдирда ҳам, бошқа қайтиб келмайди. Чунки мижоз барибир ўзига зарур бўлмаган маҳсулотни харид қилганини англаб етади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳар қандай савдода сотувчи мижознинг қизиқиши ва талабини эътиборга олиши керак. Баъзи ҳолларда нима исташини билмайдиган мижозлар ҳам бўлади. Шундай пайтда уларга “Нима хоҳлаяпсиз?” деган саволни бериш билан кифояланмасдан, ҳали хаёлига ҳам келмаган таклифларни тақдим этиш керак.

— Халқ банки ўз мижозларининг талаб ва эҳтиёжларини қай даражада билади, деб ўйлайсиз?
 

— Очиғи, ҳали бу борада қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. Албатта, ҳамма тармоқларда эмас, асосан мижозларга хизмат кўрсатиш йўналишида ўз устимизда ишлашимиз ва бу бўйича ходимларни ўқитишимиз зарур. Мижозлар талаби тўлиқ қондирилмаётгани, бир томондан, фронт-офислардаги юкламалар ҳажми катта эканлиги билан ҳам боғлиқ. Узун навбатлар ҳосил бўлиб турганда, фронт-офис ходимининг мижозлар талабини тўлиқ ўрганиши бироз қийин кечади. Иккинчи томондан, буни республикада кузатилаётган кредит танқислиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, талабнинг ошишига сабаб бўлади. Талаб юқорилаши эса иқтисодий атама билан айтганда, дефицитга олиб келади.

— Сиз фаолият олиб бораётган департамент ходимларининг аксарияти ёшлардан иборат. Уларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

—  Биласизми, Банк стратегияси ва инновацион ривожлантириш департаментида янгилик қилишга интилмаган ва бунга тайёр бўлмаганлар ишлай олмайди. Ҳар бир ходим диққат билан саралаб олинади. Шу маънода айтишим мумкинки, жамоадошларимизнинг барчаси кўзлари ёниб турган ажойиб йигит-қизлар. Бундан ташқари, улар “пишиб етилгач”, вақти-вақти билан “иссиқхона”дан ажратиб олинади ва банк бўйлаб тақсимланади.

— Ўзингизга қисқа қилиб қандай таъриф берган бўлар эдингиз?

— Мен ишлаш учун яшайдиган эмас, балки яшаш учун ишлайдиган одамман. Камина учун пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Нима биландир машғул бўлиш зарур. Менга айнан шуниси муҳим. Биласизми, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ким билсин, балки қачонлардир зарурат ё вазият тақозоси туфайли Ватанимга қайтиб кетишимга тўғри келар?! Аммо унгача асосий мақсадим — Халқ банкини мамлакатдаги етакчи молия муассасасига айлантиришга доир миссиямни якунига етказиш ва меҳнатларим самарасини кўриш.

Албатта, пул керак, лекин у ҳар доим ҳам ҳал қилувчи рол ўйнамайди. Масалан, агар менга кун бўйи кўча супурасан, 5 минг доллар маош берамиз, деб таклиф қилишса, рад этаман. Чунки бу мен учун қизиқ эмас. Тўғри, бошида пул учун ишлаш мумкин. Лекин бора-бора одам ўзига қизиқ бўлмаган юмуш билан шуғулланишдан толиқади, зерикади.

Халқ банкидаги фаолиятим эса мен учун жуда мароқли. Банк соҳасида катта тажриба тўплашга ҳаракат қилдим. Балки эгаллаган билим ва кўникмаларим қай ўринда кучли ёки қай жабҳада оқсар?! Аммо банк соҳасининг исталган йўналиши бўйича яхши маслаҳат бера олишим билан фахрланаман.

—  Халқ банки келажагини қандай тасаввур қиласиз?

— Халқ банки — республикадаги кенг миқёсли, миссияси катта молия муассасаси. Аммо шундай кичик банклар борки, улар маҳсулотлари, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати бўйича анча илгарилаб кетган. Масалан, Россиянинг “Сбербанк”и аввал ҳозиргидек салоҳиятли эмасди. Бу ерда мижозлар талаби етарлича эътиборга олинмас, хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхши эмас эди. Ўзимдан мисол айтсам, 2003 йили виза-классик карта олиш учун бир ой кутишимга тўғри келган. Ваҳоланки, у кредит карта эмас, шунчаки дебит карта эди. Бугун эса мазкур банк рақамли технологиялар, мижозларга хизмат кўрсатиш бобида мамлакатда етакчилардан ҳисобланади.

Айтмоқчиманки, янгилик қилиш учун самолётни қайтадан кашф этиш шарт эмас. Буни аллақачон ихтиро қилиб бўлишган. Шунчаки чет эл тажрибаси, босиб ўтилган йўлни кузатиб, ундан керакли хулосаларни чиқара олсак кифоя. Буни эса тўлиқ уддалай оламиз. Ишончим комилки, Халқ банки яқин истиқболда Ўзбекистоннинг етакчи молия муассасасига айланади!

Умида УМИРЗОҚОВА

 суҳбатлашди

Теглар:
×