InfinBANK ўз карта процессинг марказини ишга туширди

Infinbank

"InfinBANK" АТБ банк карталарига оид ўз процессингини йўлга қўйиб, Visa ва Union Pay тизимларининг принципал аъзосига айланди.

Банк 2014 йилдан буён Visa тизимида уюшган аъзо сифатида қайд қилинган эди. Шундай бўлсада, ўз карта процессинг тизимига ўтиш молиявий муассаса учун аввалбошдан устувор режалар қаторидан ўрин олиб келган, чунки айнан мана шундай тизимнинг йўқлиги банкнинг карта сиёсатини амалга оширишда айрим қийинчиликларни туғдираётган эди. Хусусан, бу мижозларга кўрсатилаётган хизматлар тезлиги ва сифатида ҳам акс этаётган эди.

Ўз процессинг тизими банкка мустақил карта сиёсатини юритиш, Visa ва Union Pay каби халқаро тўлов тизимлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, шунингдек, карта чиқарилишига оид бизнес жараёнларни автоматлаштириш имконини тақдим этади.

ИнФинбанкда ўз процессинг тизимини яратиш жараёни 2020 йилда бошланиб, 2021 йилда якунланди. Банк дастур-аппарат мажмуаси, ускуна, дастурий таъминот ва криптографик қурилма харид қилиш учун тендер ўтказди, унда бутун жаҳонга машҳур Tieto, Compass Plus, TSYS, OpenWay Group, BPC Group, Oracle, Cisco ва бошқа ихтисослашган компаниялар иштирок этишди. Тендер натижаларига кўра карта ва тўлов тизимларига хизмат кўрсатувчи платформа таъминотчиси сифатида бош қароргоҳи Брюссел (Бельгия) шаҳрида жойлашган ҳамда бутун дунё бўйлаб ўз идораларига эга бўлган, карта процессинги ва электрон тўловлар бозорида 1995 йилдан буён фаолият юритиб келаётган тўлов бизнесининг ривожи учун юқори технологияли ечимлар ва профессионал хизматлар тақдим қилувчи OpenWay Group компанияси танлаб олинди. OpenWay Group мижозлари орасидан Сбербанк Россия, Газпромнефт (Россия нефть ва газ компанияси), Қозоғистон Халқ Банки (Halyk Bank), Raiffeisenbank International ва бошқа номдор компаниялар ўрин олган.

Маълумотлар базаси учун дастурий таъминотни Oracle, сервер ускунасини Cisco, криптографик ускунани эса HSM Thales каби ўз соҳасида ишончли ва бозор етакчилари ҳисобланган компаниялар етказиб беришди.

Банк жамоасининг меҳнати ва сайи-ҳаракатлари натижасида 2020 йилнинг 1 декабрь куни "InfinBANK" АТБ расмий тарзда Visa тўлов тизимининг принципал аъзосига айланди ва ўтган йилнинг 15 ноябрида ўз процессинг тизимини ишга туширди.

Мазкур процессинг тизимининг йўлга қўйилишидан ҳосил бўладиган афзалликларни тез орада "InfinBANK"нинг барча мижозлари ҳис этишади: бу тақдим этилаётган хизматлар тезлигига ҳамда банк маҳсулотлари ассортиментининг кенгайишига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, кредит ва виртуал карталарни чиқариш, VISA Direct хизматларини кўрсатиш, шунингдек, картада юз берадиган шубҳали ҳаракатларнинг олдини олиш имконини берувчи 3D-Secure технологияси ва фрод-мониторинг дастурини жорий этиш орқали мижозлар маблағларининг хавфсизлигини кучайтириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Мижозларга банк карталарини етказиб бериш хизмати эса қўшимча қулайлик бўлади.

 

×