20 январь, пайшанба куни Марказий банк Бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишдан сўнг, Марказий банк Бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилди.
Анжуманда М.Нурмуратов 2024 йилда Ўзбекистон Марказий банки 200 минг сўмлик банкнот чиқаришни режалаштираётганини маълум қилди.
"Биз ягона тизим орқали яхши ҳимояланган банкнотларимизнинг иккинчи сериясини чиқаришни бошладик. Ҳозир 100 минг сўмгача бўлган купюраларни чиқардик. Нақд пул муомаласини ташкил қилишнинг маълум бир қонуниятлари бор. Бу қонуниятлар мамлакатда шаклланган ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб, банкларнинг банкнот структураси белгиланади. Биз шундан келиб чиққан ҳолда келгусида 200 минг сўмлик пулни ҳам чиқаришни режалаштирганмиз", — деди Марказий банк раиси.
Раиснинг айтишича, 2017 йил 50 минг сўмлик банкноталар чиқарилганида муомаладаги нақд пуллар сони аҳоли жон бошига 489 тага тўғри келган.
Шунингдек, 1000 сўмлик банкнот келгусида янги намунада чиқарилмаслигини, унинг ўрнига номинал қиймати 1000 сўм бўлган тангалар эмиссия қилиниши маълум бўлди.
"Ҳозирда 1000 сўмлик купюралар, 500 сўмлик танга пуллар ва 2000 сўмлик купюралар аҳоли томонидан фаол фойдаланилмоқда", - дейди М.Нурмуратов.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилда муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайди.
Жумладан, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши — 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши — 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши — 15,7 фоиздан 14,5 фоизга, 5 000 сўмлик — 16,1 фоиздан 12,7 фоизга, 1 000 сўмгача — 2,1 фоиздан 1,4 фоизга тушди.
Шунингдек, 2 000 сўмлик (0,3 фоиз) ва 20 000 сўмлик (2,1 фоиз) намунадаги банкнотлар муомалага киритилди. Бунинг натижасида, муомалага чиқарилган банкнотлар сони 492,4 млн. донага ёки 18 фоизга камайди.
Тасодифий хабарлар
Президент бир неча банк соҳаси вакилларини мукофотлади
Халқаро Молия Корпорацияси Ўзбекистон банк тизими ва банкларни хусусийлаштириш жараёнлари тўғрисида материал чоп этди
Ойбек Турсунов "Капиталбанк" АТБ аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди