2021 йилда банклар миқёсида масофавий банк хизматларидан фойдаланувчи мижозларнинг мутлақ сони 5,7 миллонга кўпайди

Masofaviy bank xizmatlari

Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Марказий банк томонидан 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчиларга оид статистика тақдим этилди.

Регулятор хабарига кўра, жами 20,2 миллиондан ортиқ тижорат банклари мижозлари масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланади. Улардан 19,3 миллион нафари (ёки 95 фоизи) жисмоний шахслар, 974 мингтаси юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар саналади.

2021 йил давомида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар орасида масофавий банк хизматлари фойдаланувчилари сони 151,64 мингтага кўпайди. Энг кўп ўсиш Агробанк (+60 923 та), Ипотека-банк (+15 248 та), Ўзмиллийбанк (+14 380 та), Hamkorbank (+14 037 та), Ипак Йўли банки (+13 146 та), Капиталбанк (+10 227) да қайд этилган. Халқ банки (-38 023 та), Савдогарбанк (- 3 732 та) ларда масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 2021 йил мобайнида камайган.

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, жисмоний шахслар орасида масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчилар сони бўйича Агробанк (3,0 млн. киши), Халқ банки (2,9 млн. киши), Ўзсаноатқурилишбанк (2,6 млн. киши) лар етакчиликни қўлга киритган. Ушбу банкларнинг республика бўйлаб кенг филиаллар тармоғи мавжудлиги, банкка келиб унинг хизматларидан фойдаланувчи мижозлари сонининг кўплиги сабабли ҳам уларда масофадан банк хизматларидан фойдаланувчилар сони нисбатан кўпроқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўсишни кўрсатувчи рақамлар айнан шунча янги мижоз банк хизматларидан масофадан туриб фойдаланишни бошлаганлигии англатмайди. Ўсишни таъминловчи асосий омил сифатида — бир мижознинг бир нечта банклар хизматларидан фойдаланишни бошлаганлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин.

Masofaviy bank xizmatlari-01.01.2022 (2)

×