2021 йилда тўлов терминалари беш мингтага камайди

Humo terminal

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2021 йил давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди

2021 йил давомида пластик карталар 1,33 млн. донага кўпайиб, уларнинг жами сони 27,1 миллион донадан ошди. Карталар сонининг миқдорий жадал ўсиши Ипак Йўли банки (+368,1 мингта), Алоқабанк (+351,5 мингта), Ипотека банк (+318,1 мингта), Агробанк (+292,7 мингта), Равнақ-банк (+282,9 мингта) ва TBC Bank (+281,9 мингта), ЎзСҚБ (+261,3 мингта), Hamkorbank (+177,5 мингта), Anorbank (+144,2 мингта) ларда кузатилган.

Шу билан бирга, айрим банкларда, хусусан, Асакабанк (-837,4 мингта), Халқ банки (-400,8 мингта), Қишлоқ қурилиш банк (-234,6 мингта), Капиталбанк (-190,4 мингта), Asia Alliance Bank (-45,9 мингта), Туронбанк (-38,7 мингта) ва КДБ Банк Ўзбекистон (-14,7 мингта) ларда карталар сони 2021 йил бошига нисбатан камайган. Ушбу камайиш бир қатор банклар томонидан бир неча йил олдин амалиётдан қўлланилиши тўхтатилган (масалан, DUET) карталарнинг ҳисобдан чиқарилиши ҳамда ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида эски турдаги VISA карталарга хизмат кўрсатишнинг тўхататилиши билан изоҳланиши мумкин.

2021 йилда терминаллар умумий миқдорида эса камайиш қайд этилган — 5 026 дона. Ўрнатилган терминаллар сонида энг кўп ижобий ўзгариш Универсалбанк (+2 941 та), Ўзмиллийбанк (+1 838 дона), Ориент Финанс банк (+1 681 дона) ларда юз берган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш эса Халқ банки (-5 176 дона), Агробанк (-2 732 дона), Ўзсаноатқурилишбанк (- 1 920 дона), Қишлоқ қурилиш банк (- 1 851 дона) ва Савдогарбанк (-1 682 дона) ҳиссаларига тўғри келган.

Ўзбекистонда 2021 йилда банкоматлар ва инфокиосклар жами сонида 1 140 та ўсиш қайд этилган. Бу рақам асосан Халқ банки (+281 дона), Капиталбанк (+169 дона), "Ипак Йўли" банки (+166 дона) ва Трастбанк (+111 дона) да банкомат/инфокиост сонида ижобий ўзгариш ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 8 та банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

2021 давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 21 млн. сўм атрофида тушум тушган. Бу 2020 йилдаги кўрсатгичдан 6 млн. сўмга кўпроқни ташкил қилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, битта терминалдан тушган ўртача тушум миқдори бўйича 2021 йилда TBC Bank, Содерот банк Тошкент ва Алоқабанклардаги кўрсаткичлар ғайритабиий равишда юқори кўрсаткичларни қайд этган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда йил давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида 2020-2021 йиллар солиштирилган маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин. 

ATM-01.01.2022

Жадвал: Bankers.uz

×