Ўтган ҳафтада Капиталбанкнинг 650 млрд. сўмлик акциялари биржада сотилди

Kapitalbank 2

Фото: Kapitalbank.uz

Ўтган ҳафта, 10-14 январь кунлари "Тошкент" республика фонд биржасида Капиталбанкнинг умумий қиймати 650,8 млрд. сўмлик акциялари билан 6 марта битим амалга оширилди. Бу ҳақда биржанинг кун якунлари бўйича эълон қилаётган ҳисоботларида маълум қилинди.

10 январь куни тузилган 108,36 млрд. сўмлик битим натижасида ўша вақтга қадар банк устав капиталининг 16,67 фоизига эгалик қилиб келган россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM Holding компанияси қошидаги "Телекоминвест" компанияси Капиталбанкдаги ўз улушини 25,0 фоизга етказган эди. Телекоминвест банкнинг бир дона оддий акцияси учун 3 285,03 сўмдан тўлаган. Айни санада банк устав капиталининг 8,33 фоизини ташкил этувчи 108,36 млрд. сўмлик акциялари билан ҳам битим имзоланган. Бироқ, очиқ манбаларда ушбу битим ким (ёки кимлар) билан имзолангани тўғрисида маълумот мавжуд эмас.

12 ва 14 январь кунлари ҳам банкнинг 217,1 ва 217,0 млрд. сўмлик оддий акциялари билан умумий 4 та битим имзоланди. 12 январдаги битимларда банкнинг бир дона оддий акцияси 3 290,73 сўмдан, 14 январдаги 2 та битимда эса 3 289,83 сўмдан нархланган. Ушбу битимларда банк устав капиталининг 33,34 (ҳар бир битимда 8,33 фоиздан) фоизлик улуши сотилган бўлиши мумкин. Битимлар суммаси эса банк акцияларининг биржа кунидаги реал нархига боғлиқ равишда ўзгарган.

Ўтган ҳафтада амалга оширилган 5 та битим натижасида банк акцияларига эгалик ҳуқуқини ким (ёки кимлар) олганини билиш мақсадида Bankers.uz Капиталбанк вакилларига, "Тошкент" республика фонд биржаси вакилларига мурожаат қилди. Капиталбанк ходими "ушбу маълумот тижорий сир ҳисобланиши сабабли, бу ҳақда маълумот беролмаслигини" билдирди. "Тошкент" республика фонд биржаси Листинг бўлими бошлиғи Гулжаҳон Ғаниева эса "биржада акцияларни сотиб олувчилар тўғрисида маълумот бўлмаслиги, компания акциялари брокерлар орқали сотиб олинишини" айтиб, "агар Капиталбанк акцияларини сотиб олган акциядор банк устав капиталининг 20 фоиз ва ундан ортиқ улушини сотиб олганида бу тўғридаги маълумотлар очиқланган бўларди", деди. Бундан англашиладики, Капиталбанкнинг ўтган ҳафта сотилган акциялари унинг амалдаги йирик акциядорлари томонидан бевосита сотиб олмаган.

Шу билан бирга, 25 декабрь куни Халқ сўзи газетасида Капиталбанк томонидан ўз акциядорларидан банк устав капиталининг 42 фоиз миқдорида бўлган акциялари қайта сотиб олиши тўғрисида эълон қолдирган эди.

Xalq so'zi- Kapitalbank

Капиталбанк томонидан ўз акцияларини қайта сотиб олиши тўғрисидаги эълон.
Фото: t.me/CorpInfo

 

 

×