Фото: Яндекс
Россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM Holding компанияси қошидаги "Телекоминвест" компанияси "Капиталбанк" АТБга қарашли акциялар пакетини сотиб олди. Бу ҳақида республика фонд биржаси хабарида айтилмоқда.
10 январь кун бўлиб ўтган биржа савдоларида Россия компанияси банкнинг 32,98 млн дона акциясини ёки устав капиталининг яна 8,33 фоизини сотиб олган. Натижада компаниянинг “Капиталбанк"даги улуши 16,67 фоиздан 25 фоизгача етган.
"Телекоминвест" ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида банк акцияларини сотиб олишни бошлаб, чиқарилган 215 млрд сўмга қўшимча 65,9 млн дона қимматли қоғозларни сотиб олганди. Шундан сўнг Усмоновга қарашли тузилма банкнинг 16,6% акциясига эгалик қилган эди.
Қайд этиш лозимки, банкнинг "Телекоминвест" билан келишувидан сўнг, банкнинг яна бир йирик акциядори Ойбек Турсуновнинг банк акцияларидаги улуши 41,6% га тушган.
Декабрь ойи охирида "Капиталбанк" ўз қимматли қоғозларини эгаларидан ҳар бир акция учун $0,30 дан қайтариб сотиб олишини эълон қилганди. Сотиб олиш жараёни 5 январда бошланган.
Айни пайтда «Капиталбанк» АТБ Ўзбекистон Республикасидаги йирик хусусий тижорат банкларидан бири бўлиб, хусусий тижорат банклари орасида активлар ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллайди.
"Капиталбанк" АТБ фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ҳисобланади. Жорий йилда банк Ўзбекистон Республикасида валюта биржасининг биринчи маркет-мейкери сифатида эълон қилинди. Бундан ташқари, банк Ўзбекистонда биринчи бўлиб ўз таъсисчилигида бошқа рақамли банк - "Bank Apelsin"ни ташкил этиш орқали, банк гуруҳига асос солган.
Тасодифий хабарлар
Туронбанк айрим чакана кредитлар ажратишни вақтинча тўхтатганини маълум қилди
Микрокредитбанк матбуот анжумани ўтказди
Қайси банклар болалар учун мўлжалланган карталар эмиссия қилмоқда