"Hamkorbank" таъсисчилигидаги "HB Capital" компанияси биржада маркетмейкер мақомини олди

hb capital

"Тошкент" республика фонд биржаси хабарига кўра, “HB Capital” МЧЖ биржа аъзоси сифатида маркет-мейкер фаолиятини амалга оширишга қабул қилинди. Инвестицион воситачининг баёнотига кўра, “HB Capital” МЧЖ 2022 йил 5 январдан "Кварц" АЖ оддий акцияларини икки томонлама котировка қилиш учун, тест режимида 10 кунлик муддатга маркет-мейкерлар рўйхатига киритилган. 

“HB Capital” МЧЖ "Hamkorbank" АТБнинг тўлиқ муассислигида ташкил этилган. Orginfo маълумотлар порталида келтирилишича, корхона устав капитали 220 000 000 сўмни ташкил қилади. Корхона директори - Шаробиддинов Мухаммадбобир. Корхона ҳақида Hamkorbank расмий сайтининг русча вариантида, банк тасарруфидаги ташкилотлар саҳифасида маълумот берилган.

“HB Capital” МЧЖ веб-сайтидаги маълумотларга қараганда, у 2007 йилда  "Hamkor-Depo-Invest" шўба корхонаси номи билан рўйхатдан ўтган. Қимматли қоғозлар бозоридаги фаолият ваколатли давлат органи томонидан берилган 2007 йил 31 октябрдаги 05-004/709-сонли лицензия асосида иш бошлаган. Кейинчалик, 2020 йил март ойида «Ҳамкорбанк» АТБ таъсисчисининг қарори билан ташкилот номини "HB Capital" масъулияти чекланган жамияти деб ўзгартиришга қарор қилиган ва 2020 йил апрель ойидан бошлаб ташкилот янги ном ва янги имидж билан иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида "Тошкент" РФБ Капиталбанкка ҳам маркетмейкерлик мақомини берган эди.

Тегишли низомга кўра, маркет-мейкер — қимматли қоғозларга доир нархлар, талаб ва таклиф даражасини сақлаб туриш учун биржа битимларини тузиш мажбуриятини ўз зиммасига олган инвестиция воситачиси ҳисобланади.

×