2021 йилда АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси динамикаси графиги
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2021 йил 30 декабрь куни якунида валюта биржаси савдолари натижаларидан келиб чиқиб, хорижий валюталарнинг, шу жумладан АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини (курсини) эълон қилди. Бу - 2021 йилдаги сўнгги валюта курси белгиланиши бўлиб, йил якунидаги АҚШ доллари курси 10 837,66 сўм бўлди.
АҚШ долларининг расмий курси 2021 йил бошида (1 январь куни ҳолатига) 10 476,92 сўм бўлганини инобатга олсак, АҚШ доллари сўмга нисбатан мустаҳкамланиши (ёки сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши) 360 сўм 74 тийинни, ёки 3,44 фоизни ташкил қилган.
2021 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиш даражаси, сўнгги йилларнинг энг паст кўрсаткичи эканлигини ҳам қайд этиш лозим. Жумладан, 2020 йилда ўсиш даражаси 10,2 фоизни (959,36 сўм), 2019 йилда эса 14,05 фоизни (1'171,31 сўм) бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 15 февралидан бошлаб, ички валюта бозорида амалга ошириладиган валюта олди-сотди савдолари бўйича валюта биржасида савдо сессиялари “фиксинг” усулидан “колл аукцион” ва икки томонлама узлуксиз аукцион “мэтчинг” савдо усулларига ўтказилган. Шу билан бирга, валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича савдо сессияларининг соат 10:00 дан 15:00 гача “Онлайн платформа” орқали амалга оширилиши, валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳозирда мавжуд Т+0 (бугунги иш куни) шаклидан Т+1 (кейинги иш куни) шаклига ўтказилиши, тижорат банкларининг валюта биржаси савдоларида мижозлар номидан иштирок этиш амалиётидан воз кечган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар билан валюта операцияларини тўғридан-тўғри валюта позицияси орқали амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, Марказий банкнинг валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун чет эл валюталарининг сўмга нисбатан расмий курслари кунлик белгиланади ва ҳар банк иш куни соат 16:00 да Марказий банкнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши йўлга қўйилганди.
Тасодифий хабарлар
Навоийда уч нафар банк ходими автоҳалокат туфайли вафот этди
Ўзмиллийбанк Ўзтрансгазга 200 млн. доллар кредит ажратади
Капиталбанк Европанинг ODDO BHF молиявий гуруҳи билан Бош битимни имзолади