Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида банк тизимига оид нималар кўзда тутилган?

тараққиёт стратегияси

Скриншот: regulation.gov.uz

Норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига "Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарорда келгуси йилларда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

"Тараққиёт стратегияси"да иқтисодиётнинг асосий тармоқлари сингари, банк тизимига оид қатор ўзгаришларни амалга ошириш ҳам режалаштирилмоқда, хусусан:

2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача ҳамда айрим йўналишлар, шу жумаладан банк ва молия йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача туширилиши режалаштирилмоқда.

Ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш учун, “Тараққиёт банки” ташкил этиш кўзда тутилмоқда, бунда, 2022 йил давомида, Халқаро молия институтлар билан Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этиш бўйича консультатив маслаҳат олиш, бу бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этиш ва таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, Тараққиёт стратегиясида "Банк тизимини трансформация қилишни якунлаш, хусусий банкларнинг улушини 2025 йилда жами банк активларининг 60 фоизига етказиш" кўзда тутилган бўлиб, бунда:

- “Асакабанк”ни хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда трансформация қилиш ва хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (2022 йил, июль ойигача);

“Халқ банки”, “Қишлоқ қурилиш банк” “Микрокредитбанк”, “Агро банк”, “Ўзмиллийбанк”нинг акцияларини 2023 йилга қадар фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (2022 йил август ойигача) кўзда тутилган.


Бундан ташқари, банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича қуйидаги тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган, жумладан:

  • Молиявий барқарорлик бўйича Халқаро валюта жамғармасининг доимий экспертини жалб қилиш;
  • 2022 йил биринчи ярим йиллик натижалари бўйича Молиявий барқарорлик шарҳини чоп этиш;
  • Халқаро валюта жамғармаси кўмагида иқтисодиётда вужудга келиши мумкин бўлган хатарларни аниқлаш, уларнинг банк тизими барқарорлигига таъсирини баҳолашга қаратилган стресс-тест моделларини ишлаб чиқиш;
  • Бунда, юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишларга банкларнинг бардошлилигини таъминлаш мақсадида макропруденциал буферлар яратиш чораларини кўриб бориш.

Шу билан бирга, Стратегияда банкларда рақамлпштириш жараёнларини ошириш, факторинг операцияларини ривожлантириш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2022 йил 14 январга қадар давом этади.

×