Молиявий саводхонлик подкастлари, ретро рекламалар, кобейджинг ва кобрендинг карталар — Туронбанкда 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз "Туронбанк" АТБ тўғрисида бўлади.

photo_2021-12-28_21-12-51

Банк ҳақида қисқача маълумот

"Туронбанк" акциядорлик тижорат банки Ўзбекистонндаги давлат улуши устувор бўлган банклардан бири. Республика бўйлаб молия муассасасининг 20 та филиали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Акциядорлик Тижорат "Туронбанк" республикада очилган биринчи тижорат банклари қаторига киради, 1990 йил 6 октябрда ўтказилган таъсис конференциясида аъзолар томонидан тасдиқланган, 1990 йил 6 ноябрда Давлат банки томонидан № 713 рақам остида рўйхатга олинган.

Банк шиори: Барқарорлик белгиси

Туронбанк Бошқарув раиси Мирзаев Чори Садибақосович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

Turonbank-Kuzatuv kengashi

Туронбанк Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Туронбанк активлари миқдори 10,63 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 4,96 трлн. сўми миллий валютада, 5,68 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 декабрь ҳолатида банк капитали 1,89 трлн. сўмни ташкил қилади. Туронбанк 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 1,08 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 83,3% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 73,31 млрд. сўмни ташкил қилади.

2021 йил 1 декабрь ҳолатига банк муомалага чиқарган пластик карталари сони 558,60 минг донани (банклар ичида 12-ўрин), ўрнатилган терминаллар сони 14 907 тани (банклар ичида 11-ўрин) ҳамда ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 477 тани (банклар ичида 8-ўрин) ташкил қилади. 

Банкдаги ўзгаришлар

2021 йилда Туронбанк Бошқарув раиси ўринбосари алмашди. 27 январь куни банкнинг Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган Ташкулов Джамолиддин Акбарович Туронбанк Бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Туронбанк Ислом тараққиёт банки гуруҳи, хусусан ушбу гуруҳ таркибига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Жорий йилнинг 8 февраль куни банк ХСРИК билан "Исломий дарча" тамойили асосида кредитлаш тизими жорий этиш юзасидан ҳамкорлик битими имзолади. Кейинроқ банк ўзининг медиа студиясида корпорация вакили билан суҳбат уюштириб, исломий молия хизматлари тўғрисида маълумот берди. Сентябрь ойида эса банк Ислом савдони молиялаштириш корпорацияси билан "Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш" йўналишига қаратилган 10 миллион АҚШ долларлик янги шартномани имзолади.

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида "Туронбанк" АТБ бошқаруви ва бир гуруҳ фаол ходимлари Давлат раҳбари томонидан мукофотланди. Хусусан, бошқарув раиси Мирзаев Чори Садибақoсович - "Содиқ хизматлари учун"медали билан, бир нечта ходимлар эса, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланишди.

photo_2021-08-30_15-09-49

Фото: Туронбанк

26-27 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган МДҲ иштирокчи давлатларининг II Халқаро банк-молия форумида ҳам банк хорижий молия муассасалари билан битимлар тузди. Жумладан, Россиянинг "ВЭБ.РФ" Давлат тараққиёт корпорацияси билан Тошкент вилоятида Пскем ГЭС қурилиши" лойиҳаси бўйича умумий қиймати 63,8 млн. евро миқдоридаги инвестицион битимни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб – қувватлаш йўналиши бўйича "Транскапиталбанк" ОАЖ банки билан 10 млн. АҚШ долларлик шартномани имзолади. 

10-_3_

Фото: Туронбанк

Туронбанк банк мижозларининг молиявий саводхонлигини ошириш борасида қатор ишларни ҳам амалга ошириб келди. Апрель ойида Туронбанк Bankers.uz нашри билан ҳамкорликда "Молиявий саводхонлик" подкасти лойиҳасини йўлга қўйди. Ҳозирга қадар подкастнинг тўртта сони YouTube'даги Туронбанк Медиа каналига жойланган. Бундан ташқари, яқинда банк томонидан "Қулай банк" лойиҳаси ҳам тақдим этилган бўлиб, у орқали банк хизматларини содда ва тушунарли тилда бериб бориш кўзда тутилган.


Апрель ойида шунингдек S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Туронбанкнинг кредит рейтингини яна B/B даражада, истиқболини «Барқарор» дея тасдиқлади. Бундан ташқари «Ahbor-Reyting» агентлиги 2020 йил натижаларига кўра, "Туронбанк" АТБга "UzA+", истиқболи "Барқарор" прогнозига эга миллий кредит рейтингини берди. У банкнинг кредит салоҳияти юқори эканлиги ҳамда кредит хавфи даражаси жуда пастлигини кўрсатади.

Май ойида банк томонидан "One Touch" технологияси тақдим этилди. МДҲ мамлакатларида биринчи бор жорий қилинган технология тўғридан-тўғри смартфон орқали терминалсиз Humo карталаридан тўловларни қабул қилиш имконини беради. Технология терминал олиш учун ортиқча харажат қилишни хоҳламайдиган кичик бизнес вакиллари учун анча қулайликлар яратади.

Turonbank-Pinonglass

Фото: Туронбанк

Бу йил Туронбанк томонидан иккита янги пластик карта маҳсулоти тақдим этилди. Улардан бири Россиянинг МИР тўлов тизими ва маҳаллий UZCARD тўлов тизимида ишлайдиган Туронбанк кобейджинг картасидир. У Россияда ҳам Ўзбекистонда ҳам бирдек тўловларни амалга ошириш, пулларни нақдлаштириш имконини беради. Иккинчи карта Туронбанк Mastercard ҳамда Tourist.uz компаниялари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган кобрендинг саёҳат картасидир. Мазкур кобрендинг карта орқали чет эл сафарига ёки саёҳатга йўл олганлар учун бир қатор имтиёз ва имкониятларни тақдим этади. Карта ёрдамида нафақат тўловларни амалга ошириш, балки харидлар учун яхшигина чегирмаларга ва кэшбекларга эга бўлиш мумкин!

Turonbank-Mastercard kartasi

Фото-скриншот: Туронбанк

Туронбанк Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда трансформация жараёнларини ҳам жадал суръатларда давом эттирмоқда. Банкни трансформация қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, маслаҳат (консультация) хизматлари кўрсатиш бўйича Халқаро Молиявий Корпорацияси (ХМК) билан шартнома имзоланиб, ушбу келишув доирасида ХМК томонидан банкнинг жорий операциялари, кредит жараёнлари, рискларни бошқариш, корпоратив бошқарув бўйича батафсил баҳолаш амалга оширилди ҳамда банкнинг бизнес жараёнлари жорий диагностикадан тўлиқ ўтказилди. Шунингдек рақамлаштириш стратегияси ҳамда режалаштирилган хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш учун ХМК билан биргаликда Туронбанкни 2022-2025 йиллар давомида тўлиқ трансформация қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Туронбанк ҳам фаол реклама сиёсати тамойиллари билан иш олиб борувчи банклардан ҳисобланади. Бу йил Туронбанк ўз маҳсулотларини реклама қилишда ретро фильмларга мурожаат қилиб, ўзига хос таъсирчан ва агрессив реклама сиёсатини амалга оширди. "One Touch" технологияси, омонатлар қўйиш ҳақида қадрдон ўзбек киноларига мурожаат қилинган. 


Банк шунингдек, ўз реклама материалларида раққоса Паризода образидан бренд-амбассадор сифатида фойдаланиб келади. Йил давомида Паризоданинг лимончилик учун кредитлар, автокредитлар, кобейджинг карталари каби реклама баннерларини Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида учратиш мумкин бўлди. Шунингдек Паризода кўпгина реклама постерларида ҳам иштилган.

 

photo_2021-04-23_11-51-06

Банк сайти - turonbank.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 1220 ёки 95 144 60 00. Туронбанкнинг Телеграм, ФейсбукInstagram, YouTube ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд. Банкнинг йил якунларига бағишланган видео сарҳисобини қуйидаги видеода ҳам кўришингиз мумкин.


Мирзаолим Дилшодов

×