Акциядорлар таркибидаги ўзгаришлар, янги мобил илова, "Мендирман - Жалолиддин" сериалига ҳомийлик — Ориент Финанс банкда 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз Ўзбекистондаги соф фойда бўйича топ-10 банклари қаторига кирувчи "Ориент Финанс банк" ХАТБ тўғрисида бўлади.

OFB-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

"Ориент Финанс банк" хусусий акциядорлик тижорат банки республика банк тизимидаги соф фойда бўйича топ-10 қаторига кирувчи хусусий банклардан биридир. 

Республика бўйлаб молия муассасасининг 8 та филиали мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

"Ориент Финанс банк" ХАТБ 2010 йил 19 июнда ташкил этилган. 

Банк шиори: Молия оламида сизнинг ишончли ҳамкорингиз

Ориент Финанс банк Бошқарув раиси Джунайдуллаев Тохир Фахриддинович ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

OFB-Kuzatuv kengashi

Ориент Финанс банк Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Ориент Финанс банк активлари миқдори 5,68 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 3,12 трлн. сўми миллий валютада, 2,56 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 1,26 трлн. сўмни ташкил қилади. Ориент Финанс банк 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 810,67 млрд. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 68,6% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 213,74 млрд. сўмни ташкил қилади.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 245,0 млрд. сўмни ташкил қилганлигини инобатга олсак, жорий йил якунида банкнинг прогноз соф фойдаси ўтган йилдагидан 25-30 фоиз кўп бўлиши мумкин.

Банкдаги ўзгаришлар

27 июль куни банк акциядорлари таркибида ўзгариш юз берди. Тадбиркорлар Сакен Полатов ҳамда Пайзуллажон Мирзаевларнинг ҳар бири банк устав капиталининг 22,49 фоиз улушини ташкил қилувчи оддий акцияларини сотиб олди. Очиқланган биржа маълумотларига кўра, акциядорлар умумий қиймати 53 млрд. сўм бўлган 614,8 миллион дона оддий акцияларни ўзининг номинал қийматидан икки баравар арзонга сотиб олган.

Saken Polatov

Ориент Финанс банк акциядорларидан бири бўлган Сакен Полатов айни пайтда Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти ҳисобланади

Ориент Финанс банк ҳар йили турли хорижий нашрлар томонидан эътироф этиб келинади. Жумладан, бу йил Asiamoney нашри томонидан Ўзбекистондаги "Корпоратив ва ижтимоий масъуллик бўйича энг яхши банк", деб топилди. Молия муассасаси ўтган йили ҳам ушбу йўналишдаги энг яхши банк дея эътироф этилган эди. Апрель ойида S&P Global Ratings агентлиги банк рейтингини B+ (Барқарор) даражага кўтарди. Агентлик фикрига кўра: "Ориент Финанс" ХАТБ давлатга тегишли бўлмаган ва молиявий хизматлар бозорида унчалик катта улушни эгалламаган банк бўлишига қарамасдан, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта банклардан фарқли равишда корпоратив мижозларнинг кенг базасига эга бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ташаббусидаги йирик лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этади.

Молия муассасаси Ўзбекистонда ва хорижда ташкил этиладиган турли форумларда ҳам иштирок этиб келади, бундай форумларда ўз ҳамкорлари билан учрашади. Мана шундай форумлардан бири 1 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган “Банклар ва ритейл: рақамли трансформация ва ўзаро ҳамкорлик” мавзусига бағишланган халқаро ПЛАС-форумида банк Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Шерзод Тўйбоев маърузачи сифатида иштирок этди. 3 июнь куни эса Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Петербург халқаро иқтисодий Форуми (ПХИФ) доирасида Ориент Финанс банк раҳбарияти Росэксимбанк Бошқаруви раиси Талибов Азер Муталим ўғли билан учрашув ўтказди. Музокаралар чоғида томонлар икки давлат ўртасида кичик ва ўрта бизнесини қўллаб-қувватлаш учун савдони молиялаштириш лимитларини 400 млн.рубль миқдорида ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилди.

To'yboyev-Plas Forum

ПЛАС-Форумида маърузачи сифатида иштирок этаётган Ориент Финанс банк Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Шерзод Тўйбоев
Фото: ПЛАС журнали

Ориент Финанс банк ноанъанавий банк хизматларини амалиётга жорий қилиш бўйича ҳам фаол иш олиб боради. Ҳозирда банк исломий молия хизматларини тақдим этиш ишларини йўлга қўйган. 14 июль куни банк хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК) билан "ислом ойнаси" консалтинг хизматларини татбиқ этиш тўғрисида битим имзолади. 4- сентябрь куни эса ХСРИК билан COVID-19 пандемияси даврида мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 млн. долларлик молиялаштириш линияси тўғрисида шартнома имзолади. Банк бундан олдин ҳам икки марта корпорация молиялаштириш линияларини жалб қилган эди. Октябрь ойига келиб Ориент Финанс банкнинг Ходимлар билан ишлаш департаменти тизим ичидаги ходимларга янгидан ташкил қилинаётган "Ислом дарчаси" бўлимига ўтишни таклиф қилган эди. Янги хизмат келгуси йилда тақдим этилиши кутилмоқда.  

Банк мижозларга хизмат кўрсатишда турли замонавий ечимлардан фойдаланиб келади. Йил бошида, февраль ойида банк томонидан SoftPos мобил кассаси тақдим этилди. Асосан кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун мўлжалланган ушбу маҳсулот NFC технологиясини қўллаб-қувватловчи смартфонни харидлар учун тўловни қабул қилувчи касса терминалига айлантиради. Банк ушбу маҳсулотини ўзининг медиа каналларида реклама қилиш билан бирга, ундан фойдаланувчи мижозларини ошириш мақсадида SoftPos мобил кассасига эга ва у орқали тўловларни қабул қилган мижозлари орасида турли акциялар ташкил қилди

photo_2021-02-02_18-00-02

Фото: Ориент Финанс банк

Ориент Финанс банк томонидан тақдим этилган янгиликлардан яна бири жисмоний шахсларга мўлжалланган янги "OFB" мобил иловаси бўлди. Илова ҳозирга қадар Google Play Market'дан 50 минг мартадан ортиқ юклаб олинган. Илова орқали карта буюртма қилиш, виртуал карта очиш, омонат жойлаштириш, микроқарз олиш ва тўловларни амалга ошириш ва бошқа операцияларни бажариш имкониятлари мавжуд.  

OFB-mobil ilova

OFB мобил иловаси интерфейси
Фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz

Ориент Финанс банк турли спорт ва маданий тадбирларига ҳомийлик қилиб келади. 2020 йилдаги энг йирик ҳомийлик лойиҳаларидан бири ўзбек ва турк кино ижодкорлари ҳамкорлигида яратилган "Мендирман - Жалолиддин" сериали бўлди. Сериал 2021 йилда кенг оммага намойиш этилди. Бундан ташқари 2021 йил давомида теннис, гольф бўйича турли мусобақаларга ҳомийлик қилди. Шунингдек, футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида ўйнайдиган "Локомотив" жамоасининг ҳам титул ҳомийси саналади.

OFB-Mendirman Jaloliddin

Ориент Финанс банк ҳомийлигида суратга олинган "Мендирман - Жалолиддин" сериали

Ориент Финанс банк халқаро тўлов тизимлари - VISA, Mastercard билан мутазам турли ютуқли ўйинлар ва акциялар ташкиллаштириб келади. Банк 2020 йил 31 август куни VISA билан бош сорини Малибу 2 автомобили ва соврин жамғармаси 10 минг доллар бўлган акция эълон қилди. Акция етти ой давом этиб, унинг якуний босқичи март ойида бўлиб ўтди ва апрелда ойида бош соврин ғолибга топширилди. Акцияда иштирок этган Ориент Финанс банк мижози, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева Малибу 2 автомобили соҳибасига айланди.

OFB-Nasiba Abdullayeva

Ориент Финанс банк ва VISA биргаликда ташкиллаштирган акция ғолиби Насиба Абдуллаева
Фото: Ориент Финанс банк

2021 йил 1 декабрь ҳолатига банк муомалага чиқарган пластик карталари сони 442,13 минг донани (банклар ичида 16-ўрин), ўрнатилган терминаллар сони 9 786 тани (банклар ичида 17-ўрин) ҳамда ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 276 тани (банклар ичида 11-ўрин) ташкил қилади. 

Банк сайти - ofb.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.

Банкнинг алоқа маркази телефони - 71 200 88 99 бўлиб, ҳозирча алоқа маркази учун қисқа рақам жорий қилинмаган.

Ориент Финанс банкнинг Телеграм, Фейсбук, Instagram, YouTube, TikTok ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.

Мирзаолим Дилшодов

Теглар:
×