Марказий банк тижорат банкларининг кредит ва депозитлари бўйича 1 ноябрь ҳолатига маълумотини эълон қилди. Ҳисоботига кўра, банкларнинг депозит базаси октябрь ойи давомида 12,8 трлн сўмга (2,5 фоизга) ўсиб, уларнинг жами миқдори 513,8 трлн сўмга етди.
Ўсишнинг асосий қисми юридик шахслар ҳисобига тўғри келади: уларнинг депозитлари миқдори бир ойда 309,4 трлн сўмдан 318,9 трлн сўмга, яъни 3,1 фоизга кўпайди. Жисмоний шахслар депозитлари эса бироз секинроқ - 191,6 трлн сўмдан 194,9 трлн сўмга (+1,7 фоиз) ошди. Натижада жисмоний шахсларнинг умумий депозитдаги улуши 38,2 фоиздан 37,9 фоизга тушди.

Давлат улуши мавжуд тўққизта банкда депозит базаси 251,5 трлн сўмдан 255,2 трлн сўмга (+1,5 фоиз), бошқа банкларда эса 249,6 трлн сўмдан 258,6 трлн сўмга (+3,6 фоиз) ўсди. Шу сабабли давлат улуши мавжуд банкларнинг тизимдаги улуши 50,2 фоиздан 49,7 фоизга камайди.
Банклар кесимида 35 та банкнинг 24 тасида депозит базаси ошган. Энг катта ўсиш Ўзсаноатқурилишбанкда кузатилди: банк депозит базаси бир ойда 2 трлн 850 млрд сўмга ёки 7,6 фоизга ошди, бунинг деярли барчаси (2 трлн 729 млрд сўм) юридик шахсларга тегишли. Нисбий ифодада энг юқори ўсиш Азия Альянс банкда қайд этилди — 18,6 фоиз. Капитал банк 1 трлн 818 млрд сўм билан иккинчи ўринда турибди.
Сезиларли камайиш Асака банкда (−594 млрд сўм, −2,7 фоиз), Anorbank'да (−523 млрд сўм, −3,4 фоиз) ва Бизнесни ривожлантириш банкида (−404 млрд сўм, −2,4 фоиз) кузатилди. Anor bank'да жисмоний шахслар депозити 119 млрд сўмга ошган бўлса-да, юридик шахслар депозити 642 млрд сўмга камайгани умумий пасайишни белгилади.

Депозитларнинг умумий миқдори бўйича энг йирик 10 та банк ичида Ўзмиллийбанк 59,3 трлн сўм билан етакчилигини сақлаб қолди — бу тизим депозитининг қарийб 11,5 фоизини ташкил қилади. Капитал банк (53,3 трлн сўм) ва Агробанк (45,2 трлн сўм) ҳам иккинчи ва учинчи ўринларни сақлаб қолди. Асака банк ва Алоқа банк эса топ-10 таркибида депозит камайган банклар сифатида қайд этилди.

Қуйидаги жадвалда тизим жами, давлат улуши мавжуд банклар ва бошқа банклар гуруҳлари ҳамда барча 35 та банкнинг октябрь ойи якунидаги депозит базаси ва уларнинг ўзгариши келтирилган.

