Марказий банк 11 ноябрда «Тизимли аҳамиятга молик банкларни аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ 2027 йил учун тизимли аҳамиятга молик банклар рўйхатини эълон қилди. Банк назорати қўмитаси қарорига кўра, келгуси йилда қуйидаги банклар маҳаллий тизимли аҳамиятга молик банк ҳисобланади:
- «Ўзмиллийбанк» АЖ;
- «Агробанк» АТБ;
- «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ;
- АТ «Халқ банки»;
- «Ипотека-банк» АТИБ;
- «Капиталбанк» АТБ;
- «Асакабанк» АЖ.
Регулятор маълумотига кўра, амалдаги рўйхат ўзгаришсиз қолмоқда: айнан шу еттилик 2025 ва 2026 йиллар учун ҳам белгиланган эди. Мазкур банклардаги муаммолар бутун молия тизими барқарорлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли улар учун алоҳида банк назорати ўрнатилади ва қўшимча капитал буфери талаб қилинади.
Улуш икки йилда 7 фоиз бандга қисқарди
Рўйхат таркиби ўзгармаса-да, тизимли банкларнинг бозордаги ўрни йилдан-йилга торайиб бормоқда. Марказий банкнинг ҳар йилги пресс-релизларига кўра, уларнинг банк тизими активларидаги улуши қуйидагича:
- 2024 йил 1 октябрь ҳолатига (2025 йил рўйхати) — 67%;
- 2025 йил 1 октябрь ҳолатига (2026 йил рўйхати) — 64%;
- 2026 йил 1 октябрь ҳолатига (2027 йил рўйхати) — 60%.
Бу пасайиш бозорга янги рақамли банклар кириши, хусусий ва хорижий капиталли банкларнинг жадалроқ ўсиши ҳамда давлат банкларини трансформация қилиш жараёни билан изоҳланиши мумкин.
Тизимли банклар қандай аниқланади
Банклар Марказий банк Бошқарувининг 2023 йил 18 февралдаги 4/13-сонли қарори билан тасдиқланган низом ва Базель банк назорати қўмитаси тавсияларига асосланган методология бўйича баҳоланади. Унда тўртта мезон ва тўққизта кўрсаткич белгиланган:
- Ҳажм (30%) — активлар ва балансдан ташқари мажбуриятлар.
- Ўзаро боғлиқлик (23%) — бошқа банкларда жойлаштирилган активлар (8%) ва бошқа банклар олдидаги мажбуриятлар (15%).
- Қамров (37%) — жисмоний шахслар омонатлари (15%), юридик шахслар омонатлари (7%), хизмат кўрсатиш нуқталари (7%), маҳаллий тўлов ва ўтказмалар (4%), иқтисодиёт тармоқлари кесимидаги кредит портфели (4%).
- Мураккаблик (10%) — трансчегаравий мажбуриятлар.
Ҳар бир кўрсаткич бўйича банклар 0 дан 1 гача бўлган шкалада стандартлаштирилади ва вазнларга кўра умумлашган балл ҳисобланади. Агар банкнинг балли барча банклар бўйича ўртача қиймат ва битта стандарт четланиш йиғиндисидан юқори бўлса, у шу чорак натижасига кўра тизимли аҳамиятга молик деб топилади.
Ҳисоб-китоблар ҳар чорак якунида амалга оширилади, рўйхат эса йилда бир марта — келгуси йил учун тузилади. Рўйхатга кириш учун банк охирги кетма-кет тўрт чоракнинг камида биттасида чегарадан ошган бўлиши лозим. Бундан ташқари, Банк назорати қўмитаси асослантирилган мулоҳазага кўра ҳам банкни тизимли деб топиши мумкин. Бунинг учун 1 октябрь ҳолатига банкнинг балли ўртачадан юқори, лекин чегарадан паст бўлиши ёки кўрсаткичларидан камида биттаси шу кўрсаткич бўйича ўртача қиймат ва битта стандарт четланиш йиғиндисидан ошиши керак. Молиявий барқарорлик департаменти натижаларни 1 ноябргача қўмитага киритади, якуний қарорни қўмита қабул қилади.
Мезонлар кесимида энг катта вазн қамровга (37 фоиз) берилган, унинг ичида энг салмоқлиси — аҳоли омонатлари (15 фоиз). Бошқача айтганда, банкнинг аҳамияти нафақат активлари ҳажми, балки аҳоли ва бизнес учун қанчалик муҳимлиги билан ҳам ўлчанади.
Қўшимча капитал ва алоҳида назорат
2026 йил 1 январдан тизимли аҳамиятга молик банклар учун капитал буфер даражаси 1 фоиз этиб белгиланган. Бу банклар таваккалчилик даражаси ҳисобга олинган активларнинг 1 фоизи миқдорида қўшимча капитал сақлаши шарт. Бундан ташқари, уларга нисбатан алоҳида назорат тартиби амал қилади.
ХВФ: тизимли давлат банкларининг ролини қайта кўриб чиқиш керак
Рўйхатдаги еттита банкдан бештаси — Ўзмиллийбанк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Халқ банки ва Асакабанк давлатга тегишли. Халқаро валюта жамғармаси миссияси 2026 йил 13 апрелда эълон қилган якуний баёнотида тизимли аҳамиятга молик давлат банкларини давлат вазифаларини бажарувчи банклар сифатида сақлаб қолиш режаларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилган. Жамғарма фикрича, бу режалар молиявий барқарорлик хатарлари ва бюджет харажатларини ошириши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган молия стратегиясида эса Ўзмиллийбанк, Агробанк ва Халқ банкини шу даврда сотиш кўзда тутилмаган эди. Ўзсаноатқурилишбанкни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи 2025–2026 йилларга, Асакабанкники эса 2026–2027 йилларга режалаштирилган.
Иккита хусусий банкдан бири — Капиталбанк, иккинчиси — 2023 йилдан Венгриянинг OTP Bank гуруҳи назоратидаги Ипотека-банк. Аввалроқ, OTP гуруҳи 20 ноябрда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли қолган 17,5 фоиз улушни сотиб олиш бўйича қўшимча битим имзолади. Ҳисоб-китоблар якунлангач, гуруҳнинг банкдаги улуши 90,4 фоизга етади.
Эслатиб ўтамиз, Bankers.uz 2025 йил учун тизимли банклар қандай танлангани ҳақида мақола эълон қилган, ўшанда тизимли банкларни аниқлаш тартиби ички ҳужжат бўлиб, оммага эълон қилинмаган эди. Ҳозир унинг методологияси регулятор сайтида жойлаштирилган.
