Марказий банк тижорат банкларининг муаммоли кредитлари тўғрисида 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига маълумотни эълон қилди. Унга кўра, банк тизимидаги жами кредит портфели бир ой давомида 659,8 трлн сўмдан 672,6 трлн сўмга, яъни 12,97 трлн сўмга (+2,0%) ошган. Муаммоли кредитлар эса 25,0 трлн сўмдан 26,4 трлн сўмга етиб, 1 трлн 368 млрд сўмга (+5,5%) кўпайган.

Бошқача айтганда, октябрда муаммоли кредитлар кредит портфелига нисбатан қарийб 2,8 баробар тезроқ ўсган. Натижада NPL'нинг жами кредитлардаги улуши ой бошидаги 3,80 фоиздан 3,93 фоизга (+0,13 фоиз банд) кўтарилган (таққослаш учун, сентябрь ойида муаммоли кредитлар 1 трлн сўмга кўпайганди).
Ўсишнинг 86 фоизи — давлат банкларида
Давлат улуши мавжуд 9 та банкда кредит портфели 425,8 трлн сўмдан 433,6 трлн сўмга (+1,8%) ошгани ҳолда, муаммоли кредитлар 16,9 трлн сўмдан 18,1 трлн сўмга (+ 1 трлн 176 млрд сўм, +6,9%) кўпайди. Уларда NPL улуши 3,98 фоиздан 4,18 фоизга (+0,20 банд) кўтарилди. Тизим бўйича NPL ўсишининг 86 фоизи айнан шу гуруҳ ҳиссасига тўғри келади, жами муаммоли кредитлардаги улуши эса 67,7 фоиздан 68,6 фоизга ошган.
Бошқа 26 та банкда вазият нисбатан барқарор бўлди. Уларда кредит портфели 2,2 фоизга, муаммоли кредитлар эса 192 млрд сўмга (+2,4%) ўсиб, 8 трлн 291 млрд сўмни ташкил этди. NPL улуши деярли ўзгармади (3,47 фоиздан 3,48 фоизга).

NPL мутлақ ўзгариши нисбатан юқори бўлган банклар / Манба: Марказий банк маълумотлари асосида Bankers.uz ҳисоб-китоби
Ўзмиллийбанк: бир ойда 667 млрд сўм
Муаммоли кредитларнинг миқдорий ўсиши бўйича Ўзмиллийбанк кескин ажралиб турди. Банкнинг муаммоли кредитлари бир ойда 3,1 трлн сўмдан қарийб 3,8 трлн сўмга (+667,4 млрд сўм, +21,5%) ошди — бу бутун тизимдаги ўсишнинг қарийб 49 фоизи демакдир. NPL улуши 2,99 фоиздан 3,54 фоизга (+0,55 банд) кўтарилди. Натижада Ўзмиллийбанк муаммоли кредитлар ҳажми бўйича тизимда биринчи ўринга чиқди.
Эътиборли жиҳати, йил бошида банкнинг муаммоли кредитлари 2 трлн 989 млрд сўм бўлган. Бошқача айтганда, январь–сентябрь ойларида банк NPL'и атиги 118 млрд сўмга ошган бўлса, октябрнинг ўзида бунинг қарийб олти баробари қайд этилди.
Давлат банклари орасида ўсиш бўйича кейинги ўринларда:
- Микрокредитбанк — +190,8 млрд сўм (+7,0%), NPL улуши 11,39 фоиздан 11,75 фоизга;
- Асакабанк — +149,7 млрд сўм (+9,3%), 4,09 фоиздан 4,30 фоизга;
- Агробанк — +139,7 млрд сўм (+4,4%), 3,32 фоиздан 3,45 фоизга.
Хусусий банклардан Ориент Финанс банкда муаммоли кредитлар 107,4 млрд сўмга (+18,9%), Hayot Bank'да эса 105,7 млрд сўмга (+45,6%) кўпайди.
NPL'ни қисқартирганлар
Умумий ўсиш тенденциясига қарамай, 12 та банкда муаммоли кредитлар камайди. Энг катта қисқариш Капиталбанкда қайд этилди — 1 трлн 113 млрд сўмдан 1 трлн 7 млрд сўмга (-106,5 млрд сўм, -9,6%). Банкда NPL улуши 2,79 фоиздан 2,50 фоизга (-0,30 банд) тушди.
Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк муаммоли кредитларини 56,6 млрд сўмга (-3,2%) камайтириб, улушини 3,02 фоиздан 2,92 фоизга, Ипотека-банк эса 30,9 млрд сўмга (-2,5%) камайтириб, 3,31 фоиздан 3,18 фоизга туширди. Нисбий ҳисобда энг катта яхшиланиш Ziraat Bank Uzbekistan'да кузатилди: муаммоли кредитлар 17,5 фоизга қисқариб, NPL улуши 2,52 фоиздан 2,12 фоизга (-0,40 банд) пасайди. Халқ банкида кўрсаткич 4,14 фоиздан 4,04 фоизга тушди.
Умуман олганда, 35 та банкдан 21 тасида NPL улуши ошган, 12 тасида камайган, 2 тасида эса муаммоли кредитлар умуман қайд этилмаган.

Банклар кесимида NPL улуши Манба: Марказий банк маълумотлари асосида Bankers.uz ҳисоб-китоби
Энг юқори ва энг паст кўрсаткичлар
1 ноябрь ҳолатига NPL улуши энг юқори банклар:
- Мадад Инвест банк — 43,57% (580,6 млрд сўмлик портфелнинг 252,9 млрд сўми);
- Пойтахт банк — 14,38%;
- TBC Bank — 13,51%;
- Микрокредитбанк — 11,75%;
- ANORBANK — 9,32%.
KDB Bank ва Octobank'да муаммоли кредитлар қайд этилмаган. APEX BANK (0,10%), Uzum Bank (0,18%), Open Bank (0,38%) ва Таянч микромолия банкида (0,67%) ҳам кўрсаткич 1 фоиздан паст. Йирик банклар орасида энг паст NPL улуши Hamkorbank (1,61%) ва Ипак Йўли банкда (1,70%) сақланиб қолмоқда.

Банкларда кредит портфели ва муаммоли кредитлар (NPL) Манба: Марказий банк маълумотлари асосида Bankers.uz ҳисоб-китоби
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январь ҳолатига банк тизимидаги муаммоли кредитлар 18 трлн 55 млрд сўм, уларнинг улуши 3,0 фоиз бўлган эди. Жорий йилнинг ўн ойида эса муаммоли кредитлар 8,35 трлн сўмга ёки 46,3 фоизга ошди, кредит портфели эса 604 трлн сўмдан 672 трлн сўмга — 11,3 фоизга ўсди.
