30 йиллик юбилей, ШҲТ Банклараро бирлашмаси раислиги, имзоланган қатор меморандумлар — Ўзмиллийбанкда 2021 йил якунлари

Bankers.uz "Йил якунлари" сарлавҳаси остида банкларда йил якунларига бағишлаб туркум материалларни эълон қилиб бормоқда. Бугунги мақоламиз Ўзбекистондаги активлари бўйича энг йирик банк "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ тўғрисида бўлади.

NBU-2021

Банк ҳақида қисқача маълумот

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" акциядорлик жамияти устав капитали 100 фоиз давлатга тегишли бўлган энг йирик банкдир. 

Филиаллар сони бўйича умумий рўйхатда 4-ўринда (Халқ банки, Агробанк ва Микрокредитбанкдан кейин) туради. Республика бўйлаб молия муассасасининг 67 та филиали ҳамда 43 та банк хизматлари марказлари ва идоралари мижозларга хизмат кўрсатиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки 1991 йил 7 сентябрдаги президент фармони билан ташкил этилган. 2019 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4540 сонли президент қарорига асосан Ўзмиллийбанк акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилди. 

Банк шиори: Куч ишончда

Ўзмиллийбанк Бошқарув раиси Мирсоатов Алишер Кудратуллаевич ҳисобланади. Банк Кузатув кенгаши билан қуйида танишишингиз мумкин:

NBU-Kuzatuv kengashi

Ўзмиллийбанк Кузатув кенгаши аъзолари 

Банкнинг молиявий кўрсаткичлари

2021 йил III чораги якунларига кўра, Ўзмиллийбанк активлари миқдори 81,03 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағнинг 25,99 трлн. сўми миллий валютада, 55,03 трлн. сўми хорижий валютада шаклланган. 1 октябрь ҳолатида банк капитали 14,47 трлн. сўмни ташкил қилади. Ўзмиллийбанк 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 6,61 трлн. сўм даромад қилган. Ушбу даромаднинг 67,6% и фоизли даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Бу даврда банкнинг соф фойдаси 676,81 млрд. сўмни ташкил қилади.

2020 йил якунларига кўра, банкнинг баланс соф фойдаси 905,4 млрд. сўмни ташкил қилган.

Банкдаги ўзгаришлар

Ўзмиллийбанк бу йил Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Банклараро бирлашмаси кенгашининг раиси бўлди. 16 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ШҲТ ББнинг XVII йиғилиши бўлиб ўтди. Тожикистоннинг "Амонотбонк" давлат жамғарма банки раислигида ўтган йиғилишда Тожикистон Бош вазири биринчи ўринбосари Д.Саид, Тожикистон Миллий банки раиси Х.Холиқзода, ШҲТ Бош котиби В.Норов ишиток этди. Тадбир якунларига кўра, ШҲТ ББда 2021-2022 йиллар давридаги раислик "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки"га ўтди.

Жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи" номли халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзмиллийбанк Россиянинг Совкомбанки билан 50 млн. долларлик Бош келишув имзолади. Ушбу келишув Совкомбанкдан 7 йил муддатга ҳукумат кафолатисиз кредит линияси ажратишни назарда тутади. Шунингдек, айни форумда Ўзмиллийбанк Германиянинг Deutsche Bank'и билан 100 млн. доллар миқдоридаги кредит линияси ажратиш бўйича шартнома имзолади. Немис банкининг кредит линияси ҳам давлат кафолатисиз ажратилди. Ушбу маблағ Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилган.

NBU-Sovkombank

Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида Ўзмиллийбанк ва Россиянинг Совкомбанки ўртасида 50 млн. долларлик Бош келишув имзолаш жараёни

Ўзмиллийбанк ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган МДҲ иштирокчи давлатларининг II Халқаро банк-молия форумида Россиянинг ВТБ Банки билан 50 млн. долларлик кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув имзоланди.

Ўзмиллийбанк банк фаолиятига боғлиқ бўлмаган активларга ҳам эгалик қилади. Ана шундай активлардан бири Тошкентдаги "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасидир. 27 октябрь куни меҳмонхона банк тасарруфидан чиқарилиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига ўтказиб берилди. Агентлик меҳмонхонани хусусийлаштириши керак. Ҳозирда Ўзмиллийбанк бир нечта йирик компаниялар, хусусан, "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (51%), "NBU Gazgan Invest" (73%), "Азия-Инвест Банк" (96%), "NBU Invest Group" (100%), "NBU Samarkand Invest" (100%), "NBU Bunyodkor Invest" (100%) нинг катта қисм акциялар пакетига эгалик қилади. Шунингдек, банк Ўзбекистон тасвирий санъат галерияси ҳамда Хивадаги XIX асрга оид "Нуриллабой" тарихий мажмуасини ҳам тасарруф қилади. 

photo_2020-12-29_09-28-13

Нуриллабой мадрасаси. Фото: Ўзмиллийбанк

Ўзмиллийбанк ноябрь ойида Solfy муддатли тўлов карталарини жорий этиши ҳақида эълон қилди. Solfy халқаро финтех компания бўлиб, ҳозирда Россия ва Беларусда 6 миллиондан ортиқ муддатли тўлов карталарини эмиссия қилган ва 200 мингдан ортиқ дўконлар билан ҳамкорлик қилиб келади. Ўзмиллийбанк Solfy билан техник интеграциялаш ишларини олиб бормоқда, лойиҳани 2022 йил 4 апрелида йўлга қўйиш режалаштирилган.

Solfy – JPG

2021 йил 7 сеентябрь куни Ўзмиллийбанк ўзининг 30 йиллик юбилейини нишонлади. Юбилей муносабати билан банк томонидан 5 босқичдан иборат "30 йил бирга" акцияси ташкиллаштирилди. Акциянинг охирги босқичи ҳозир ҳам давом этмоқда.

Ўзмиллийбанк Европа сифат тадқиқотлари жамиятининг "Quality Achievements Award 2021" мукофоти совриндорига айланди. Тақдирлаш маросими 5 декабрь куни БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтди.

Сертификат_Дубай_jpeg

Фото: Ўзмиллийбанк

2021 йил 1 декабрь ҳолатига банк муомалага чиқарган пластик карталари сони 2 798,64 минг донани (банклар ичида 3-ўрин), ўрнатилган терминаллар сони 39 704 тани (банклар ичида 4-ўрин) ҳамда ўрнатилган инфокиоск ва банкоматлар сони 636 тани (банклар ичида 6-ўрин) ташкил қилади. 

Банк сайти - nbu.uz 3 тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритилади.  

Банкнинг алоқа маркази телефони - 78 140 00 10. Ҳозирча қисқа рақам жорий қилинмаган.

Банкнинг Телеграм, Фейсбук, Instagram, YouTube ижтимоий тармоқларида расмий саҳифалари мавжуд.

Мирзаолим Дилшодов  

×