S&P Global Ratings 25 ноябрь куни Ўзбекистоннинг икки банки бўйича рейтинг қарорларини эълон қилди. Бундан олдин, 20 ноябрда агентлик мамлакатнинг суверен кредит рейтингини "BB"дан "BB+"га кўтарган, прогнозни "барқарор" деб белгилаган эди.
S&P суверен рейтинг оширилишини энергетика ва давлат корхоналари соҳасидаги ислоҳотлар, давлат соф қарзининг мўътадил даражаси ва ташқи иқтисодий кўрсаткичлар яхшилангани билан изоҳлаган. Агентлик маълумотига кўра, олтин нархи юқори бўлгани туфайли Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2023 йилдан буён икки баробардан кўпроқ ошиб, октябрь охирида қарийб 64 миллиард долларга етган. Бу ЯИМнинг 32 фоизига тенг. Олтин мамлакат товар экспортининг 30–40 фоизини, захираларнинг эса 85–90 фоизини ташкил қилади.
KDB Bank Uzbekistan'нинг қисқа муддатли рейтинги "B" даражасида тасдиқланди, прогноз — "барқарор". S&P банкни Корея тараққиёт банкининг (Korea Development Bank) стратегик аҳамиятга эга шўъба ташкилоти эканлигини инобатга олган. Мамлакат суверен рейтинг ошгач, бош банк кўрсатиши мумкин бўлган ёрдам ҳисобига банк рейтингига яна бир поғона қўшилди.
Агентлик банкнинг капитал захирасини жуда кучли деб баҳолаган. Рисклар ҳисобга олинган капитал коэффициенти (RAC) 2025 йил охирида 24,2 фоиз бўлган, 2027 йил охирига бориб 25–26 фоизга етиши кутилмоқда. Ҳозирда банкда муаммоли кредитлар йўқ, S&P прогнозига кўра, 2027 йил охиригача уларнинг улуши 1 фоиздан ошмайди. Шу билан бирга, банк кредит портфели диверсификацияси масаласи алоҳида қайд этилган.
Ўзсаноатқурилишбанкнинг узоқ ва қисқа муддатли рейтинглари "BB-/B" даражасида сақлаб қолинди. Прогноз яхшиланишига ҳукумат банкни зарур бўлганда қўллаб-қувватлашга кўпроқ қодир ва тайёр экани сабаб бўлган. Банк хусусийлаштириладиган давлат ташкилотлари рўйхатида бўлса-да, S&P бу жараён мураккаб ва узоқ давом этишини, улушнинг катта қисми сотилмагунча банк давлат учун муҳимлигича қолишини таъкидлаган.
Агентлик банк жорий йилда кўрган чоралар кредит сифатини барқарорлаштиришини кутмоқда. Хусусан, банк директив кредитлашни тўхтатиб, чакана ва кичик бизнес кредитларига эътибор қаратган. Балансдаги кўчмас мулк ва ундирилган гаров ҳажми 31 августдаги 3,9 триллион сўмдан 30 октябрда 2,6 триллион сўмгача камайган: активларнинг бир қисми сотилган, бир қисми Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. Фоиз даромадининг нақд олинган қисми эса 2025 йилдаги 75 фоиздан 2026 йилнинг биринчи ярмида 87 фоизга етган.
Шу билан бирга, S&P яқин 12 ойда 3-босқичдаги кредитлар ва ундирилган гаров улуши 9,1 фоиздан (2025 йил охири) 11 фоизгача ошиши мумкинлигини истисно этмайди. Агентлик буни банк муаммоли кредитларни очиқроқ тан олаётгани ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўраётгани билан изоҳлаган.
Ҳисоботда банк тизимига оид умумий баҳолар ҳам келтирилган. S&P маълумотига кўра, 1 октябрь ҳолатида давлат банклари тизим активларининг 61 фоизини эгаллаган. Ҳукумат 2030 йилгача Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк каби тўрт-беш давлат банкини хусусийлаштиришни режалаштирган, бироқ агентлик бу жараён кўпроқ вақт олишини кутмоқда.
