Андижонда банк ходими мижозларнинг 3 млрд сўмдан ортиқ маблағларини қиморга тикиб юборди

22.11.2026 14:44

344

Андижондаги банклардан бирида халқаро пул ўтказмалари бўйича масъул ходим мижозларнинг 3,2 млрд сўм (250 минг доллар) маблағини онлайн қимор ўйинида ютқазгани маълум бўлди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, иш судга юборилган.

Фото: Tergov.uz

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти онлайн қимор билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов тафсилотларини маълум қилди. Хабарга кўра, номи кўрсатилмаган ("нуфузли" дейилган) банкнинг ходими мижозларнинг йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштиришда айбланмоқда. Халқаро пул ўтказмалари билан боғлиқ ҳисобварақларига масъул бўлган ходим, банк мижозлари - жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларидаги маблағларни ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб борган.

Мижозларга пулни қайтариш вақти келганда банк маъмурияти ҳисобварақларда маблағ етишмаслигини аниқлаган. Тергов давомида ходим ўзлаштирган пулини 1XBet платформасидаги онлайн қимор ўйинларида ютқазгани маълум бўлган. У сўроқда қилмишини тўлиқ тан олган.

Ўзлаштирилган маблағ миқдори тахминан 250 минг доллар атрофида эканлиги айтилмоқда (амалдаги расмий курс бўйича бу сумма 3,0 млрд атрофида бўлади, фарқ ўтказмалар турли пайтда амалга оширилгани билан изоҳланиши мумкин).

Ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари якунланган, иш суд муҳокамасига юборилган.

Тергов департаменти келтирган видеода, айбланувчи катта миқдордаги пулни ютқазиб, оиласи ва ҳамкасблари ишончидан айрилганини айтган ҳамда ёшларни онлайн қимордан узоқ туришга чақирган.

Мижозларнинг йирик миқдордаги маблағларини қимор ўйинига тикиб юбориш ҳолати бундан 4 йил олдин Нукусда аниқланган эди. Ўшданда банклардан бирида пластик карталар сектори мудири бўлиб ишлаган ходим мижозларнинг 9,2 млрд сўмини қиморга тикиб юборгани ва унга 8 йил қамоқ жазоси берилган ҳақида хабар берилганди.

Теглар:

#жиноят#ўзлаштириш#қимор

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган