Иш ҳақини исталган банк картасига олиш имконияти яратилди

18.11.2026 10:11

100

Марказий банк «Маблағларни тақсимлаш маркази» тизимини ишга туширди: энди ходимлар иш ҳақи ва мукофотларни иш берувчига хизмат кўрсатувчи банкдан қатъи назар, ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиши мумкин. Бунинг учун бухгалтерияга реквизитларни тақдим этиш кифоя. Ҳозирча хизмат фақат хусусий сектор ходимлари учун мўлжалланган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банкнинг маълум қилишича, «Маблағларни тақсимлаш маркази» орқали фуқаролар иш ҳақи, мукофот пули ва бошқа тўловларни ташкилот қайси банкка хизмат кўрсатишидан қатъи назар, ўз номига расмийлаштирилган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиши мумкин. Марказий банк қайд этишича, аввал ходим, одатда, иш берувчи иш ҳақи лойиҳасини амалга ошираётган банкда алоҳида карта очишга мажбур бўлган.

Тизим Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-359-сон қарори доирасида жорий этилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад — фуқароларнинг банк танлаш имкониятини кенгайтириш, банклар ўртасидаги рақобатни кучайтириш ва оммавий тўловларни амалга ошириш жараёнини қулайлаштириш. Тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимларига мўлжалланган, кейинги янгиланишларда имкониятлар фойдаланувчилар таклифлари асосида кенгайтирилади.

Тизим қандай ишлайди

Тизимда алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди. Жараён қуйидагича:

  1. Ходим ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этади.
  2. Ташкилот ходимларга тўловлар бўйича ягона реестр шакллантириб, ўзига хизмат кўрсатувчи банкка юборади.
  3. Иш берувчининг банки реестрни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб, «Маблағларни тақсимлаш маркази»га жўнатади.
  4. Тизим маълумотларни текширади ва тўловларни ходимлар танлаган банклар бўйича тақсимлайди.
  5. Қабул қилувчи банклар маблағларни тегишли карта ёки электрон ҳамёнларга ўтказади.

Ходим кейинчалик бошқа карта танлаши ёки реквизитларини ўзгартириши мумкин. Асосий шарт — карта ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Ташкилотлар ва банклар учун

Марказий банк маълумотига кўра, ходимлар қайси банкда хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, ташкилот барча тўловларни ягона реестр орқали амалга ошириши мумкин. Бу иш берувчи ҳар бир ходим танлаган банк билан алоҳида иш ҳақи лойиҳаси бўйича шартнома тузишга мажбур бўлмаслигини англатади. Банклар эса мижозларни иш берувчига боғланмаган ҳолда жалб қилиш имконига эга бўлади — Марказий банк фикрича, бу хизмат сифати асосидаги рақобатни кучайтиради.

Хавфсизлик

Марказий банк тизим унинг ҳимояланган инфратузилмасида ишлашини, маълумотлар ёпиқ банк тармоғи орқали узатилишини маълум қилган. Тўлов реестрлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, олувчининг карта реквизитлари ва идентификация маълумотлари Марказий банк базалари орқали текширилади. Маълумотларда хатолик аниқланса, реестр тузатиш учун қайтарилади — бу маблағлар нотўғри реквизитларга юборилиши хавфини камайтиради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойи бошида Марказий банк «Тақсим» (Taqsim) номли тизим ишлаб чиққани, унинг 30 июнда ишга туширилиши режалаштирилгани, лекин айрим тижорат банклари интеграцияга техник жиҳатдан тайёр бўлмагани сабабли муддат кечиктирилгани маълум бўлганди.

Теглар:

#банк-картаси#Марказий_банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган