Марказий банк 17 ноябрь куни Societe Generale ваколатхонаси аккредитация қилингани ҳақида хабар берди. Регулятор маълумотига кўра, ваколатхона мамлакат молия бозорини ўрганиш, шунингдек, давлат органлари, молия ташкилотлари ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. 1864 йилда таъсис этилган Societe Generale дунёнинг 58 та мамлакатида фаолият юритади ва Европанинг етакчи банк ва молиявий хизматлар гуруҳларидан бири ҳисобланади.
Шу куни Hana Bank ваколатхонаси ҳам аккредитациядан ўтди. У ҳам молия бозорини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун очилган. Hana Financial Group таркибига кирувчи Hana Bank 2015 йил 1 сентябрда Korea Exchange Bank билан бирлашган. Банк Жанубий Кореянинг йирик тижорат банкларидан бири бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатади, савдони молиялаштиради ва 27 та мамлакатда фаолият юритади.
Иккала банк ҳам бу қадамга шу йил давомида тайёрланган. Societe Generale вакиллари 22 июнь куни Марказий банкда бўлиб, Ўзбекистонда ваколатхона очишга қизиқиш билдирган эди. Ўшанда регулятор хорижий банклар ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартибини тушунтирган, томонлар валюта ва фоиз хатарларини хежлаш воситаларини ривожлантиришни ҳам муҳокама қилган.
Hana Bank делегацияси эса 18 июль куни Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов билан учрашган. Учрашувда мамлакатда янги тижорат банкини рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам муҳокама қилинган. Шундан сўнг, 11 сентябрь куни Hana Bank Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан англашув меморандуми имзолаган ва Ўзбекистонни Марказий Осиёга кенгайишда таянч ҳудуд сифатида кўраётганини маълум қилган.
Ҳар икки банк Ўзбекистон банклари билан аввалдан ишлаб келмоқда. Хусусан, SQB ва KEB Hana Bank 2019 йилда Кореядан пул ўтказмалари бўйича ҳамкорлик битими имзолаган. SQB Президентнинг Францияга давлат ташрифи доирасида Societe Generale билан 150 миллион евролик битим ҳам тузган.
Марказий банкнинг реестрига кўра, мамлакатда 8 та хорижий банк ваколатхонаси рўйхатга олинган. Улар Gazprombank, J.P. Morgan Chase Bank, Commerzbank, Landesbank Baden-Württemberg, Korea Eximbank, Shinhan Bank, CitiBank AS ва Хитой экспорт-импорт банкига тегишли. Янги икки ваколатхона билан бу рақам 10 тага етади. Улар орасида Корея банклари учта бўлади, Франция банкининг ваколатхонаси эса реестрда биринчи марта пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Корея тараққиёт банки (KDB) Ўзбекистондаги шўъба банки — KDB Bank Uzbekistan'ни сотишни кўриб чиқаётгани маълум бўлган эди. Ўшанда KDB харидор сифатида Shinhan Bank ва Hana Bank'нинг қизиқишини ўрганган.
