Ipoteka bank OTP Group 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) мувофиқ молиявий натижаларини эълон қилди. Банкнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 56 фоизга ошиб, 1,8 трлн сўмни ташкил этди.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, банкнинг асосий молиявий кўрсаткичлари қуйидагича:
- Капитал рентабеллиги (ROE) — 25,2%;
- Капиталнинг етарлилик даражаси (CAR) — 21,1%;
- Активлар рентабеллиги (ROA) — 3,4%;
- Риск қиймати (COR) — −0,6%.
Банкнинг жами активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ошиб, 57,9 трлн сўмни (4,89 млрд АҚШ доллари эквивалентида) ташкил этди. Операцион фойда эса 2,2 трлн сўмга (184,4 млн АҚШ доллари эквивалентида) етиб, йиллик ҳисобда 39 фоизга ўсди.
Барча молиявий кўрсаткичлар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талабларига мувофиқ тақдим этилган.
Аввалроқ, Ipoteka bank OTP Group миллий бухгалтерия ҳисоби стандартлари (МБҲС) бўйича ҳам молиявий натижаларини эълон қилган эди. Банк соф фойда ҳажми бўйича Ўзбекистон банк секторидаги етакчи мавқеини яна бир бор тасдиқлаб, кетма-кет учинчи чорак давомида ушбу позицияни сақлаб қолди.
“Бугунги кунда Ipoteka bank OTP Group Ўзбекистон банк сектори етакчилари қаторида бўлиб, фойда кўрсаткичлари бўйича юқори натижаларни намойиш этмоқда. Бу ютуқлар, энг аввало, мижозларимизнинг ишончи ҳамда жамоамизнинг фидокорона ва самарали меҳнати самарасидир. Мижозлар билан бевосита ишлаётган ёки ички жараёнларнинг узлуксиз ва сифатли фаолиятини таъминлаётган ҳар бир ходим умумий муваффақиятимизга муносиб ҳисса қўшмоқда. Айнан жамоамизнинг ҳамжиҳатлиги ва профессионал ёндашуви стратегик мақсадларимизга изчил эришиш ҳамда барқарор ўсишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда”, — деди Ipoteka bank OTP Group Бошқарув раиси Адам Сентпетери.
Молиявий натижалар, энг аввало, жамоанинг самарали фаолияти ҳамда мижозлар ишончининг мустаҳкамланиб бораётганини акс эттиради. Бу эса мижозлар базасининг кенгайиши, маҳсулот ва хизматларга бўлган талабнинг ортиши ҳамда асосий бизнес кўрсаткичларининг изчил ўсишида ўз ифодасини топмоқда.
2026 йилнинг учинчи чораги якунларига кўра, банк филиалларида хизмат кўрсатиш сифатини баҳоловчи Mystery Shopping индекси 93 фоизга етди. Шу билан бирга, алоқа маркази фаолияти самарадорлиги ва мижозларга кўрсатилаётган хизмат сифатини акс эттирувчи Mystery Calling кўрсаткичи 92,7 фоизни ташкил этди.
Мижозларнинг банкни бошқаларга тавсия этишга тайёрлигини акс эттирувчи NPS (Net Promoter Score) индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58 фоиздан 74 фоизгача ошди.
OTP Group миқёсида ҳам 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида барқарор молиявий натижалар қайд этилди. Ҳисобот даврида Гуруҳнинг соф фойдаси 2,4 млрд еврони, капитал рентабеллиги (ROE) эса 21,1 фоизни ташкил этди. Йил бошидан буён амалдаги кредит портфели 12 фоизга ўсди. Бунда ипотека кредитлари алоҳида ўрин тутиб, мазкур йўналишдаги портфел ҳажми 17 фоизга ошганини кўрсатмоқда.
Ipoteka bank OTP Group ҳақида
Ipoteka bank OTP Group — халқаро OTP Group банклар гуруҳига кирувчи Ўзбекистондаги етакчи банклардан биридир. Бугунги кунда банк мамлакат бўйлаб 3,87 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиб келмоқда. 2026 йил 1 август ҳолатига кўра, банк активлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банк секторида 7-ўринни эгаллайди. Ипотека банк чакана кредит портфели ҳажми бўйича етакчи ўринда бўлиб, ипотека кредитлаш бозорида ҳам мустаҳкам мавқега эга. Мижозлар садоқати индекси (NPS) бўйича ҳам Ipoteka bank OTP Group Ўзбекистон банк секторида етакчи ўринни эгаллайди. Ипотека банк тармоғи мамлакат бўйлаб 90 дан ортиқ филиал ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қамраб олган. Банк жисмоний ва корпоратив мижозларга ипотека, истеъмол ва автокредитлар, омонатлар, микроқарзлар, корпоратив ҳамда рақамли банк хизматларини ўз ичига олган кенг турдаги молиявий хизматларни тақдим этади. 2023 йилдан буён Ипотека банк халқаро OTP Group банклар гуруҳининг таркибига киради.
