2026 йил 4 ноябрь куни Марказий банк Бошқарувининг асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, сентябрь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этиб, августга нисбатан бироз тезлашди. Бунга мева-сабзавот, ёқилғи ва айрим хизматлар нархининг ошиши таъсир қилди. Хизматлар инфляцияси 7 фоизгача кўтарилди, базавий инфляция эса 5,5 фоизда ўзгаришсиз қолди.
Аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этмоқда. Сентябрда аҳоли кейинги 12 ойда нархлар 8,7 фоизга, тадбиркорлар эса 9,2 фоизга ошишини кутган.
Иқтисодиёт тез ўсишда давом этмоқда. Январь–сентябрь ойларида иқтисодий ўсиш 8,3 фоизни ташкил этди, асосий драйверлар саноат, қурилиш ва хизматлар бўлди. Йил якунига ЯИМ ўсиши прогнози ҳам юқорига қайта кўриб чиқилиб, 8 фоиз атрофида белгиланди.
Инфляция прогнози эса юқори ички талаб, энергия нархлари билан боғлиқ ташқи хатарлар ва айрим тартибга солинадиган нархларнинг режалаштирилган оширилиши сабабли қайта кўриб чиқилди. Янгиланган прогнозга кўра, 2026 йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида, 2027 йил охирида эса 5 фоизлик таргет даражасида бўлади.
Марказий банк баҳосига кўра, сўмдаги депозит ва кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари ижобий даражада сақланмоқда. Оддий қилиб айтганда, сўмдаги омонатлар бўйича фоизлар инфляциядан юқори бўлиб, сўмда жамғариш жозибадорлигича қолмоқда.
Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 2026 йил 16 декабрга белгиланган.
Ўзбекистонда асосий ставка 2025 йил мартидан буён ўзгармаяпти: ўшанда у 0,5 фоиз бандга оширилиб, 14 фоизга етказилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрдаги йиғилишда ҳам асосий ставка 14 фоизда қолдирилганди. Ўшанда Марказий банк йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини кутганди.
