Uzum Bank Apple Pay’нинг Ўзбекистондаги ўз фаолиятининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Ишга туширилгандан кейинги дастлабки 24 соат ичида банкнинг 142 минг нафар мижози Apple Wallet’га карталар қўшди ва сервис ёрдамида жами 2,8 миллиард сўмлик транзакцияларни амалга оширди, такрорий тўловлар улуши эса 48,3 фоизни ташкил этди. Фойдаланувчилар орасида энг оммабоп тўловлар жамоат транспорти, озиқ-овқат дўконлари, ресторан ва кафеларда амалга оширилган бўлиб, энг катта чек 8,4 миллион сўмни ташкил этди. Apple Pay акциясининг илк 24 соати давомида Uzum Bank мижозлари 1,2 млрд сўм кешбэкка эга бўлишди.
"Apple Pay’нинг ишга туширилиши Ўзбекистоннинг глобал финтехга интеграциялашувидаги муҳим қадамдир: энди ўзбекистонликлар бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар фойдаланадиган тўлов усулидан фойдаланишлари мумкин. Мижозларимиз Apple Pay’ни узоқ вақтдан бери кутаётган эдилар ва дастлабки кун буни тасдиқлади: одамлар хизматни шунчаки улабгина қолмай, дарҳол ундан мунтазам равишда фойдалана бошладилар", — деди Uzum Bank бошқаруви раиси Светлана Хе.
Эслатиб ўтамиз, Apple Pay’га Uzum Bank’нинг Visa картасини қўшиш мумкин. Apple Pay орқали тўлов қилинганда банк мижозлари банк томонидан кўзда тутилган кешбэклардан амалдаги шартлар асосида фойдаланиши ҳам мумкин. Хизмат ишга туширилиши муносабати билан банк Apple Pay орқали амалга оширилган илк харид учун 100 фоиз ёки 50 000 сўмгача кешбэк таклиф этмоқда.
Акциянинг батафсил шартлари Uzum Bank сайтида.
