UZINFOCOM Click’нинг АТ-инфратузилмаси учун техник паспорт тайёрлади

28.10.2026 16:57

166

UZINFOCOM мутахассислари Click компаниясининг ахборот технологиялари инфратузилмасини комплекс ўрганиб, барча ускуналар, хавфсизлик тизимлари ва коммуникация воситалари ҳақидаги маълумотларни ягона техник паспортга жамлади.

Фото: UZINFOCOM

Банклар ва молия ташкилотларида серверлар, алоқа тармоқлари, хавфсизлик тизимлари ва бошқа техник воситалар бир-бири билан боғлиқ ҳолда ишлайди. Уларнинг жойлашуви, ўзаро боғлиқлиги ва ишлашини таъминлайдиган муҳандислик коммуникациялари ҳақидаги маълумотларни ягона ҳужжатлар тўпламида жамлаш инфратузилманинг умумий ҳолатини тушунишга хизмат қилади.

Шу муносабат билан UZINFOCOM Click учун амалга оширган лойиҳа доирасида компаниянинг ахборотлаштириш объектини комплекс ўрганиб, унинг техник паспортини тайёрлади. Ишлар Click томонидан тақдим этилган ускуналар рўйхати ва зарур маълумотлар асосида олиб борилди. Мутахассислар мавжуд маълумотларни текшириб, инфратузилманинг амалдаги ҳолати ва унинг таркибий қисмлари ўртасидаги боғлиқликларни ҳужжатларда акс эттирди.

Жумладан, ўрганиш жараёнида ахборот-телекоммуникация тизимлари, техник воситалар, ахборот ва жисмоний хавфсизлик воситалари, хоналар ҳамда муҳандислик инфратузилмаси қамраб олинди.

Бундан ташқари, лойиҳанинг алоҳида йўналишларидан бири техник схемалар ва икки ўлчамли чизмаларни тайёрлаш бўлди. Уларда асосий техник воситалар ва тизимларнинг жойлашуви, назорат қилинадиган ҳудудлар чегаралари, коммуникациялар, видеокузатув тизимлари, киришни назорат қилиш воситалари, электр таъминоти ва ерга улаш элементлари кўрсатилди. Бу АТ-тизимларини уларнинг ишлашини таъминлайдиган техник ва муҳандислик инфратузилмаси билан биргаликда кўриб чиқиш имконини беради.

Натижада, ишлар якуни бўйича Click учун ахборотлаштириш объектининг техник паспорти, техник схемалар ва график материаллар, объектнинг икки ўлчамли чизмаси ҳамда бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот тайёрланди. Шунингдек, UZINFOCOM мутахассислари тегишли меъёрий талаблар билан боғлиқ масалалар юзасидан техник кўмак кўрсатди.

Шу билан бирга, техник паспортнинг асосий вазифаларидан бири инфратузилманинг муайян вақтдаги ҳолатини қайд этишдир. Бу ҳолат «Zero нуқтаси», яъни кейинги ўзгаришларни солиштириш учун бошланғич асос сифатида қаралади. Масалан, кейинчалик янги ускуналар ўрнатилса ёки мавжуд тизимлар ўзгартирилса, бу ўзгаришларни ҳужжатлаштирилган дастлабки ҳолат билан таққослаш мумкин. Бунинг учун техник паспорт ва унга илова қилинган материалларни инфратузилмадаги ўзгаришларга мувофиқ янгилаб бориш зарур.

Умуман олганда, мазкур лойиҳа UZINFOCOM’нинг АТ-инфратузилмасини ўрганиш ва унинг ҳолатини техник ҳужжатларда акс эттириш бўйича хизматлари доирасида амалга оширилди. Бундай ёндашув банклар, молия ташкилотлари ва финтех компанияларига мавжуд инфратузилма ҳақидаги маълумотларни бир тизимга келтириш, шунингдек, кейинги техник ўзгаришларни режалаштириш учун бошланғич асос яратиш имконини беради. АТ-инфратузилмасини техник паспортлаштиришга эҳтиёж сезаётган ташкилотлар UZINFOCOM билан паспортлаштириладиган объектлар ва иш ҳажмини муҳокама қилиши мумкин.

Теглар:

#click#uzinfocom

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган