Octobank жисмоний шахслар учун Apple Pay хизматини жорий этди. Энди банк мижозлари ўз карталарини Apple Wallet рақамли ҳамёнига улаб, дўконлардаги терминалларда, шунингдек, хизматни қўллаб-қувватлайдиган иловалар ва веб-сайтларда тўловларни амалга оширишлари мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун банк картасини Apple Wallet’га қўшиш ва тўловни Face ID, Touch ID ёки қурилма пароли орқали тасдиқлаш керак. Apple Pay’да карта маълумотлари ўрнига муайян қурилмага боғланган рақамли идентификатордан фойдаланилади. Шу сабабли тўлов жараёнида картанинг ҳақиқий реквизитлари сотувчига узатилмайди.
Octobank сентябрь ойида ҳамкорлари учун интернет-эквайринг орқали Apple Pay ва Google Pay тўловларини қабул қилиш имкониятини жорий этган эди. Ўшанда янги тўлов усулини Uzbekistan Airways ва Centrum Air авиакомпаниялари ҳам қўллай бошлаган. Эндиликда эса банкнинг жисмоний шахс мижозлари ҳам Apple Pay орқали тўлов қилишлари мумкин.
