Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 27 октябрда Ўзбекистонда Google Pay ва Apple Pay тўлов хизматлари ишга туширилганини маълум қилди . Шу кундан Android фойдаланувчилари Google Wallet’га тўққиз банк — AVO Bank, Octobank, Uzum Bank, TBC Bank, Алоқабанк, Капиталбанк, Ипак Йўли банк, Ўзмиллийбанк ва Orient Finans Bank карталарини қўшиб, смартфон орқали контактсиз тўловларни амалга ошира олади. iOS фойдаланувчилари эса худди шу санадан Apple Wallet’га Uzum Bank, Orient Finans Bank, Ўзмиллийбанк, Капиталбанк, Hamkorbank, Ипак Йўли банк, TBC Bank ва Octobank карталарини қўшиши мумкин. Етти банк иккала хизматда ҳам бор, AVO Bank ва Алоқабанк фақат Google Wallet’да, Hamkorbank эса фақат Apple Wallet’да кўрсатилган .
Рўйхатларга кўра, Apple Wallet’да Uzum Bank ва Hamkorbank карталари фақат Visa тармоғида қўшилади, қолган олти банк Visa ҳамда Mastercard’ни қўллаб-қувватлайди. Google Wallet’да AVO Bank фақат Mastercard, Uzum Bank эса фақат Visa билан ишлайди, қолган еттитасида иккала тармоқ ҳам мавжуд. Миллий тўлов тизимлари — Humo ва Uzcard карталари ҳозирча рўйхатларда йўқ.
Хизматдан фойдаланиш учун банк картасини иловага қўшиш ва смартфон NFC технологиясини қўллаб-қувватлаши керак. Шу билан бирга, айрим банклар барча турдаги карталарни қўллаб-қувватламаслиги мумкин, шу сабабли картанинг хизматга мослигини тегишли банкдан аниқлаш тавсия этилади.

Фото: Марказий банк
Марказий банк ҳам бугун Apple Pay халқаро тўлов хизмати Ўзбекистонда расман ишга туширилгани маълум қилди. Релизга кўра, хизмат Apple қурилмалари фойдаланувчиларига банк карталарини Apple Wallet’га қўшиб, iPhone, Apple Watch ва бошқа мос қурилмалар орқали тўлов қилиш имконини беради. Humo ва Uzcard карталарини Apple Pay’га улаш бўйича ишлар давом этмоқда, бундай имконият тез орада тақдим этилиши билдирилган. Хизматдан фойдаланиш имконияти банклар ва тўлов тизимларининг техник тайёрлигига қараб босқичма-босқич кенгайтирилади.
Айни пайтда Ўзбекистон Apple’нинг расмий сайтидаги Apple Pay қўллаб-қувватланадиган давлатлар рўйхатида кўрсатилмаган.
Google Pay’нинг Ўзбекистонда ишга туширилишини 19 октябрда Самарқандда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида ўтган «Рақамли технологиялар» панел сессиясида Google Cloud’нинг давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар бўйича раҳбари Марцин Красуски эълон қилди. Орадан уч кун ўтиб, 22 октябрда Туризм қўмитаси Google Pay ишга тушганини, Apple Pay эса яқин кунларда ишга туширилишини маълум қилди . Бироқ ўшанда қайси банклар ва карталар хизматга уланиши номаълум эди.
Хизматлар ишга тушиши учун қонунчиликка ҳам ўзгартиш киритилган. Илгари «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27¹-моддаси Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини фақат мамлакат ҳудудида сақлаш ва қайта ишлашни талаб қиларди. 2024 йил охирида Марказий банк Apple ва Google маҳаллий банклар карталарини улаш учун шахсга доир маълумотлар соҳасидаги айрим талабларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдиргани ҳақида хабар берган эди.
Жорий йил 26 мартда Президент «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақидаги ЎРҚ-1125-сон қонунни имзолади. Ҳужжат 27 мартдан кучга кирган. Қонуннинг янги таҳририга кўра, Ўзбекистонда фақат биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек мамлакатда фаолият юритувчи телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчиларнинг маълумотлари сақланиши шарт. Қолган маълумотларни хорижда сақлаш ва қайта ишлаш қуйидаги шартлардан бири бажарилганда мумкин: чет давлатнинг шахсга доир маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилувчи давлат сифатида тан олиниши, оператор томонидан ваколатли орган талабларига жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидаларнинг қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши ёхуд халқаро стандартларга амал қилиниши.
