Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда 1 миллион сўмлик банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Уларга Биринчи Президент Ислом Каримов тасвири туширилган купюранинг сохта дизайни илова қилинган. Марказий банк бу маълумотни асоссиз, ёлғон ва фейк деб атади ҳамда у ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Регулятор фуқароларни пул белгилари ҳақидаги ахборотни фақат Марказий банкнинг расмий саҳифалари орқали кузатиб боришга чақирди.
Пул белгиларини муомалага чиқариш тартиби «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунда белгиланган. Қонуннинг 39-моддасига кўра, пул белгиларининг номиналини Марказий банк белгилайди. 40-модда эса регуляторга мамлакат ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқариш бўйича мутлақ ҳуқуқ беради.
Шу моддага мувофиқ, янги пул белгиларининг намуналари ва дизайни Олий Мажлис Сенати Кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шундан сўнг Марказий банк янги банкнотнинг тавсифи ва уни муомалага чиқариш ҳақидаги маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Бошқача айтганда, янги банкнот Сенат Кенгаши қарори ва регуляторнинг расмий эълонисиз муомалага кира олмайди.
Масалан, муомаладаги энг йирик номинал — 200 минг сўмлик банкнот ҳақида Марказий банк 2022 йил 13 июлда хабар берган, банкнот эса икки кундан сўнг — 15 июлдан муомалага чиқарилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрель ойида ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек тасвири туширилган 500 минг сўмлик банкнот ҳақида хабарлар тарқалганида ҳам Марказий банк янги пул белгисини муомалага чиқариш масаласи кўзда тутилмаганини маълум қилган эди. Май ойида регулятор бу хабарларни яна бир бор рад этган. Ундан аввал, 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Тимур Ишметов янги купюралар чиқариш ёки сўмни деноминация қилиш бўйича ҳеч қандай режа, ҳатто ғоя ҳам йўқлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай масалалар инфляция таргет даражасига эришилганидан кейин, узоқ муддатда кўриб чиқилиши мумкин.
