Yangi bank омонатчиларининг 86 фоизи пулини 11 иш кунида қайтариб олган - ОКА

22.10.2026 18:12

151

Омонатларни кафолатлаш агентлиги маълумотига кўра, лицензияси чақириб олинган «Yangi bank» омонатчиларига 1 октябрь ҳолатига 207,5 млрд сўм компенсация тўлаб берилган. Омонатчиларнинг 86 фоизи пулини 11 иш куни ичида олган, қонунда эса 15 иш куни мобайнида омонатчиларнинг 75 фоизига компенсация олиш имкониятини яратиш белгиланган. 2027 йилдан ушбу муддат 7 иш кунигача қисқаради.

Фото: Омонатларни кафолатлаш агентлиги

Омонатларни кафолатлаш агентлиги 21 октябрь куни ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида «OKA MEDIA DIALOGUE» очиқ мулоқотини ўтказиб, 2026 йилнинг тўққиз ойидаги фаолият натижаларини маълум қилди. Мулоқотда асосий эътибор жорий йилдаги ягона кафолатлаш ҳодисаси — «Yangi bank» омонатчиларига компенсация тўлаш натижаларига қаратилди.

Фото: Омонатларни кафолатлаш агентлиги

«Yangi bank» омонатчиларига 207,5 млрд сўм тўланди

Марказий банк «Yangi bank» АЖ лицензиясини 15 январда устав капитали қонундаги талабга етмагани ва регулятор кўрсатмалари бажарилмагани сабабли чақириб олган. 2023 йил май ойида лицензия олган банкнинг устав капитали 2026 йил 1 январь ҳолатига 355 млрд сўмни ташкил этган, энг кам талаб эса 500 млрд сўм. Шундан сўнг агентлик 31,5 мингдан ортиқ омонатчига 208 млрд сўм компенсация тўлашни режалаштирган эди.

Агентлик маълумотига кўра, кафолатлаш ҳодисаси юз берган санадан эътиборан 11 иш куни ичида омонатчиларнинг 86 фоизига компенсация тўланган. Таққослаш учун, қонунга кўра 2026 йилда омонатчиларнинг камида тўртдан уч қисмига компенсация олиш имконияти 15 иш куни ичида таъминланиши керак.

1 октябрь ҳолатига тўланган компенсациялар 207,5 миллиард сўмни ташкил этган. Бу агент-банкка йўналтирилган маблағларнинг 99,4 фоизига тенг. Қолган қисми омонатчилар ҳали олиб кетмаган компенсациялар бўлиб, уларнинг ўртача миқдори 45,6 минг сўмни ташкил қилади. Қонунда олинмаган компенсацияни исталган вақтда агентликдан талаб қилиб олиш мумкинлиги белгиланган.

Компенсация тўлаш учун «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ агент-банк этиб танланган. Жисмоний шахслар идентификациядан ўтгач, пулни BRB мобил иловаси орқали картага ўтказиши ёки банк хизматлари марказларида нақд олиши мумкин бўлди. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар эса маблағни агент-банкдаги ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиб олди. Компенсация олиш учун қўшимча ҳақ ундирилмади, колл-марказда 15 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, омонатчиларга тўланган компенсацияга тенг маблағ «Янги банк» тугатиш комиссияси томонидан агентликка тўлиқ қайтарилди.

2027 йилдан муддат 7 иш кунигача қисқаради

Компенсация тўлаш муддати «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонунда босқичма-босқич қисқартириб борилмоқда. Агентлик тугатилаётган банк омонатчиларининг камида тўртдан уч қисмига компенсация олиш имкониятини 2025 йилда 20 иш куни, 2026 йилда 15 иш куни ичида таъминлаши керак эди. 2027 йил 1 январдан бу муддат 7 иш кунигача қисқаради.

Ушбу талабга тайёргарлик доирасида агентлик банклар билан маълумот алмашинувини такомиллаштириш, омонатчилар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва аниқлигини таъминлаш ҳамда ҳисоб-китобларни автоматлаштириш устида ишламоқда. Марказий банк ва Жаҳон банки экспертлари билан компенсация тўлаш тартиби ва шартларига оид низом лойиҳаси ҳам кўриб чиқилмоқда.

Маълумот учун, қонунга кўра бир банкдаги омонатлар 200 миллион сўмгача бўлса тўлиқ, ундан ортиқ бўлса 200 миллион сўм миқдорида қопланади (қонун кучга киргунга қадар қўйилган айрим омонатлар бундан мустасно).

Фото: Омонатларни кафолатлаш агентлиги

Жамғарма 10,3 трлн сўмга етди

2026 йил 1 октябрь ҳолатига Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 триллион сўмни ташкил этиб, йил бошидан буён 37,7 фоизга ўсди (йил бошида қарийб 7,5 триллион сўм бўлган - таҳр.). Жамғарма агентлик томонидан бошқариладиган алоҳида маблағлар йиғиндиси бўлиб, банклар тўлайдиган бадаллар ва инвестиция даромадлари ҳисобидан шакллантирилади.

Январь–сентябрь ойларида банклар жамғармага 2,3 триллион сўм календарь бадал тўлади. Инвестиция фаолиятидан 977 миллиард сўм даромад олинди, бу ўтган йилнинг мос давридагидан 42,6 фоизга кўп. Инвестиция портфелининг 91,1 фоизи давлат қимматли қоғозларига, 7,4 фоизи тижорат банклари депозитларига, 1,5 фоизи эса давлат ташкилотининг қимматли қоғозларига жойлаштирилган.

Ҳозирда кафолатлаш тизими иштирокчилари реестрида 34 та тижорат банки ва битта микромолия банки қайд этилган.

Бадаллар банкка қараб фарқланадиган бўлди

Ҳисобот даврида календарь бадалларнинг дифференциал ставкаларини белгилаш услубияти амалиётга жорий этилди. Агентлик маълумотига кўра, бу механизм банкларнинг омонат жалб қилишдаги фоиз сиёсати билан боғлиқ таваккалчиликларни ҳисобга олиш ва масъулиятли депозит сиёсатини рағбатлантиришга қаратилган. Қонунга кўра, календарь бадал ставкаси чорак учун 0,5 фоиздан ошмаслиги керак ва у банкларнинг таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб белгиланиши мумкин.

Шу мақсадда агентлик банклар маълумоти асосида омонат гуруҳлари бўйича бозордаги ўртача тортилган фоиз ставкаларини ҳар ой ҳисоблаб, Марказий банк ва тижорат банкларига етказиб бормоқда. Агентлик ҳисоб-китобига кўра, январь–сентябрь ойларида миллий валютадаги омонатлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 22,8 фоиздан 20,4 фоизга, яъни 2,4 фоиз бандга пасайди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Марказий банк экспертлари билан ҳамкорликда банкларнинг молиявий ҳолати ва таваккалчилик даражасини кенгроқ баҳолашга асосланган янги бадал модели ишлаб чиқилмоқда.

Рақамлаштириш учун 5 млн долларлик грант кўзда тутилган

Агентликнинг рақамли трансформация лойиҳаси Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштириш учун танлаб олинди. Уч йиллик лойиҳани 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида компенсация тўловлари, бадалларни ҳисоблаш ва назорат қилиш, инвестиция фаолияти ҳамда банклар мониторингини ягона рақамли муҳитда бошқарадиган бошқарув-ахборот тизими яратилади. Тизимга қўйиладиган дастлабки талаблар Корея депозитларни суғурталаш корпорацияси (KDIC) билан ҳамкорликда шакллантирилган, ҳозирда лойиҳа параметрлари аниқлаштирилмоқда.

Хабардорлик индекси — 2,9 фоиз

Агентлик республиканинг барча ҳудудларида 2 000 нафар респондент, жумладан 1 700 нафар жисмоний шахс ва 300 нафар тадбиркорлик субъекти вакили иштирокида сўровнома ўтказди. Унга кўра, омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги умумлашган базавий хабардорлик индекси жисмоний шахслар орасида 2,9 фоизни, тадбиркорлик субъектлари орасида 5,8 фоизни ташкил этди.

Агентлик бу натижалар кафолат шартлари, компенсация миқдори ва уни олиш тартибини содда тилда тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигини кўрсатганини қайд этди. Жаҳон банки ва Марказий банк мутахассислари иштирокида 2027–2030 йилларга мўлжалланган жамоатчиликни омонатларни кафолатлаш тизими тўғрисида хабардор қилиш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, агентлик хорижий мамлакатларнинг 14 та омонатларни кафолатлаш ташкилоти билан меморандумлар доирасида ҳамкорлик қилмоқда ва исломий омонатларни кафолатлаш тизими концепциясини ишлаб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси Тимур Ишметов 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Yangi bank» лицензияси нега эртароқ чақириб олинмаганини изоҳлаган эди. Унинг айтишича, банк акциядорлари устав капиталини бошқа бизнесларидан олинадиган дивидендлар ҳисобига тўлдиришни ваъда қилган, регулятор эса уларга имкон берган.


Теглар:

#омонат#мулоқот

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган