Ipoteka bank OTP Group Uzcard тўлов тизимининг Uzcard Момент картасини тақдим этмоқда. Янги ечим мижозларга банкка илк мурожаатидаёқ картани расмийлаштириш, олиш ва фаоллаштириш имконини беради. Эндиликда картанинг тайёр бўлишини кутиш ёки уни олиш учун филиалга қайта ташриф буюриш шарт эмас. Uzcard Moment картаси расмийлаштирилган заҳоти фойдаланишга тайёр бўлиб, мижозлар ундан кундалик тўловлар ва бошқа банк операцияларини амалга ошириш учун дарҳол фойдаланишлари мумкин.
Uzcard Момент картаси Ipoteka bank OTP Group’нинг кундалик молиявий эҳтиёжларга мўлжалланган хизматларини янада кенгайтирмоқда. Мижозлар картани банк филиалларида тезкор тарзда расмийлаштириб, уни Ipoteka Mobile иловасига улаш орқали асосий банк хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Картани олиш учун паспорт ёки ID-картанинг ўзи кифоя. Расмийлаштириш ва фаоллаштириш жараёнлари якунлангач, мижозлар ундан дарҳол фойдаланишлари мумкин. Хусусан, карта ёрдамида товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шунингдек, нақд пул маблағларини ечиб олиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, Ipoteka Mobile иловаси фойдаланувчиларга пул ўтказмалари ва тўловларни амалга ошириш, QR-сервислардан фойдаланиш, карта ва ҳисобварақларни бошқариш ҳамда банкнинг бошқа маҳсулот ва хизматларини масофадан туриб расмийлаштириш имкониятини тақдим этади.
Сентабр ойидан бошлаб, Ipoteka bank OTP Group мижозлар учун асосий рақамли хизмат кўрсатиш каналларидан бири сифатида янги Ipoteka Mobile иловасини фаол ривожлантириб келмоқда. Қисқа вақт ичида илова фойдаланувчилар орасида кенг оммалашиб, ишга туширилганидан буён 340 минг мартадан ортиқ юклаб олинди. Шу билан бирга, фаол фойдаланувчилар сони 241 минг нафарга етди. Мазкур кўрсаткичлар мижозларнинг янги рақамли хизматларга бўлган юқори қизиқишини ҳамда Ipoteka Mobile иловаси кундалик молиявий операцияларни амалга оширишда қулай ва ишончли воситага айланиб бораётганини тасдиқлайди.
“Биз мижозларимиз учун банк хизматларидан фойдаланишни янада қулай ва тезкор қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Uzcard Moment картасининг жорий этилиши мижозларга картани бир ташрифнинг ўзида олиш имконини берса, Ipoteka Mobile иловаси эса кундалик молиявий операцияларни масофадан туриб бошқариш учун кенг имкониятлар яратади. Бу мижозлар тажрибасини такомиллаштириш ва банк хизматларининг оммабоплигини ошириш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларимизнинг навбатдаги натижасидир”, — деди Ipoteka bank OTP Group Бошқарув раиси ўринбосари Дмитрий Сапронов.
Uzcard Moment картасида мижознинг исм ва фамилияси акс эттирилмайди, бироқ карта банк тизимида унинг эгасига бириктирилади ва тўлиқ идентификациядан ўтган банк маҳсулоти ҳисобланади. Функционал имкониятлари жиҳатидан Uzcard Moment стандарт Uzcard карталари билан бир хил имкониятларни тақдим этади. Хусусан, карта орқали савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида тўловларни амалга ошириш, пул ўтказмалари бажариш, нақд пул маблағларини ечиб олиш, шунингдек, АТТО тизими орқали жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш мумкин.
2026 йил 30 ноябрга қадар жисмоний шахслар учун Uzcard Moment картасини расмийлаштириш бепул амалга оширилади. Картани Ipoteka bank OTP Group’нинг барча филиалларида олиш мумкин.
Картани расмийлаштириш ва бериш жараёни филиалдаги мижозлар оқими ва операцион юкламага қараб фарқ қилиши мумкин.
Сайт: ipotekabank.uz
Telegram: @ipotekabankofficial
Instagram: @ipotekabank.uz
Facebook: @ipotekabankofficial
YouTube: @ipotekabankofficial
LinkedIn: ipotekabankofficial
Ҳамкорлик асосида
