Марказий банкнинг пул агрегатлари статистикасига кўра, 1 октябрь ҳолатига кенг маънодаги пул массаси (М2) сентябрь ойи давомида 24 трлн 142 млрд сўмни ёки 5,5 фоизга ўсиб, 461 трлн 861 млрд сўмга етган (1 сентябрь ҳолатига бу кўрсаткич 437 трлн 720 млрд сўм эди). Бу жорий йилдаги энг юқори ойлик ўсиш ҳисобланади.

Манба: Марказий банк
Кенг маънодаги пул массасига муомаладаги нақд пуллар, шунингдек бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлари, хусусий сектор ва уй хўжаликларининг миллий ҳамда чет эл валютасидаги депозитлари киради.
Ўсиш асосан сўм ҳисобига
Миллий валютадаги пул массаси бир ойда 23 трлн 410 млрд сўмга ёки 6,4 фоизга кўпайган ва 389 трлн 146 млрд сўмга етган. Унинг М2 даги улуши 83,6 фоиздан 84,3 фоизга кўтарилган.
Чет эл валютасидаги депозитлар эса ўтган ойдаги қисқаришдан сўнг яна ўсишга қайтган: улар 731,6 млрд сўмга ёки 1,0 фоизга кўпайиб, 72 трлн 715 млрд сўмга етган. Қайд этиш керакки, ушбу депозитлар сўм эквивалентида ҳисобланади, шу боис уларнинг ҳажмига валюта курси ҳам таъсир кўрсатади.
Энг тез ўсган компонент — бошқа депозитлар
Миллий валютадаги бошқа депозитлар — асосан муддатли ва жамғарма депозитлар — бир ойда 16 трлн 836 млрд сўмга ёки 8,4 фоизга кўпайиб, 217 трлн 106 млрд сўмга етган. Бу — барча компонентлар орасидаги энг юқори ўсиш суръати. Мазкур компонент М2 нинг ойлик ўсишининг қарийб 70 фоизини таъминлаган, унинг пул массасидаги улуши эса 45,8 фоиздан 47,0 фоизга кўтарилган.
Тор маънодаги пул массаси (М1) 6 трлн 574 млрд сўмга ёки 4,0 фоизга ошиб, 172 трлн 40 млрд сўмга етган. Ўсишнинг асосий қисми талаб қилиб олингунча депозитлар ҳисобига таъминланган: улар бир ойда 5 трлн 823 млрд сўмга ёки 6,5 фоизга кўпайиб, 94 трлн 743 млрд сўмни ташкил қилган.
Муомаладаги нақд пуллар (М0) эса 750 млрд сўмга ёки 1,0 фоизга ошиб, 77 трлн 298 млрд сўмни ташкил қилган.
Йил давомида нима ўзгарди
Ўтган йилнинг мос даври — 2025 йил 1 октябрь ҳолатига (333 трлн 734 млрд сўм) нисбатан кенг маънодаги пул массаси (М2) 128 трлн 128 млрд сўмга ёки 38,4 фоизга кўпайган. Йил бошидан буён эса ўсиш 83 трлн 282 млрд сўмни ёки 22,0 фоизни ташкил этади.

Манба: Марказий банк
Талаб қилиб олингунча депозитлар бир йилда 53,1 фоизга, бошқа депозитлар 51,6 фоизга ошган бўлса, нақд пуллар 18,9 фоизга, чет эл валютасидаги депозитлар эса 14,3 фоизга кўпайган.
Икки узоқ муддатли тенденция сақланиб қолмоқда, биринчиси — нақд пулларнинг улуши пасайиб бормоқда. 2025 йил 1 октябрда М0 пул массасининг 19,49 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 16,74 фоизга тушган. Яъни иқтисодиётдаги нақд пул ҳажми ортаётган бўлса-да, у пул массасининг қолган қисмидан секинроқ ўсмоқда.
Иккинчиси — долларлашув даражаси камаймоқда. Чет эл валютасидаги депозитларнинг М2 даги улуши бир йил аввалги 19,06 фоиздан 15,74 фоизга, йил бошидаги 18,37 фоиздан эса 2,6 банд пасайган.
