«Алоқабанк» АТ корпоратив сайтини ишлаб чиққан Pixelcraft компанияси 14 октябрь куни модернизациянинг навбатдаги босқичи ҳақида маълум қилди. Сайт шу компания томонидан яратилиб, 2023 йил апрель ойида ишга туширилган. Аввалроқ унда электрон навбатни онлайн банд қилиш хизмати жорий этилган эди.
Компания маълумотига кўра, «Инвесторларга» бўлими янги тузилма ва дизайн асосида қайта ишланди. Бу банк секторида ахборот очиқлигига қўйилаётган талаблар кучайгани ҳамда Алоқабанкни хусусийлаштиришга тайёргарлик жараёнлари билан боғлиқ. Бўлимнинг асосий элементи — интерактив кўрсаткичлар блоки бўлиб, унда фойдаланувчи активлар, капитал, кредит портфели ва бошқа кўрсаткичларнинг йиллар кесимидаги динамикасини кузатиши мумкин.

Фото: Pixelcraft
Рейтинглар блокида Fitch Ratings агентлигининг «BB» (прогноз — «ижобий») ва Moody's агентлигининг Ba3 (прогноз — «барқарор») рейтинглари акс эттирилган. Шунингдек, бўлимга филиаллар ва хизмат кўрсатиш марказларининг интерактив харитаси, ҳамкорлар рўйхати, акциядорлар ва молиявий ҳисоботларга тезкор ўтиш блоки ҳамда банк мукофотлари жамланган блок қўшилди. Банк сайтига кўра, комплекс хизмат кўрсатиш марказлари сони 92 тани ташкил этади.

Фото: Pixelcraft
Сайтда янги — «Киберхавфсизлик» бўлими очилиб, унда онлайн фирибгарликнинг кенг тарқалган усуллари ва интернетда хавфсиз ҳаракат қилиш қоидаларига оид материаллар жамланди. «Овозли олиб бориш» модулида матнни ўзбек тилида овозлаштириш тўғриланди, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари модули такомиллаштирилди.

Фото: Pixelcraft
Бундан ташқари, бош саҳифага сторис-баннерлар қўшилди, «Бўш иш ўринлари» бўлимидаги ариза шакли янгиланди, «Очиқ маълумотлар» ва кредитлаш бўлимлари қайта ишланди, «Коррупцияга қарши курашиш» бўлимига янги кичик бўлимлар киритилди. «Маҳалла банкири» лойиҳаси доирасида маҳалла банкирларининг алоқа маълумотлари жамланган саҳифа яратилди. Ишлаб чиқувчи маълумотига кўра, Марказий банк ва «Киберхавфсизлик маркази» ДУК тавсияларига мувофиқ сайт ишлайдиган «1С-Битрикс» тизими мунтазам равишда сўнгги версияга янгилаб борилади.


Фото: Pixelcraft
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган Фискал стратегиясида Алоқабанкдаги давлат улушини хусусийлаштириш 2026–2027 йилларга режалаштирилган.
