Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ноқонуний GSM-шлюз қурилмалари орқали сохта колл-марказ ташкил қилган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйгани ҳақида маълум қилди.
Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йилларда туғилган 5 нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил этган. Гуруҳ билан алоқадор яна бир фуқаро (1989 й.т.) бировнинг хонадонини ижарага олиб, у ерга колл-марказ фаолиятида фойдаланиш учун GSM-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Маълумот учун, GSM-шлюз SIM-карталар ўрнатиладиган қурилма бўлиб, интернет орқали амалга оширилган қўнғироқларни оддий мобил рақамдан келаётгандек кўрсатиш имконини беради.
Гуруҳга Тошкент вилоятида яшовчи, илгари судланган шахс (1979 й.т.) раҳбарлик қилган. ДХХ маълумотига кўра, гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офиси киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлган.
Фирибгарлар турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки уларнинг номига бегона шахслар кредит олишга уринаётганини айтган. Шу баҳонада жабрланувчиларнинг шахсий маълумотлари қўлга киритилиб, банк карталаридаги маблағлар ўзлаштирилган, шунингдек, уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштирилган.
Натижада жиноий йўл билан топилган жами 8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сохта МЧЖ орқали криптовалюта кўринишида хорижий давлатга олиб чиқилиб, легаллаштирилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида гуруҳга алоқадор яна 10 нафар шахс аниқланган.
