Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 сентябрдаги «Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-355-сонли қарори қабул қилинди. Ҳужжат 29 сентябрда Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилиниб, шу кундан кучга кирган. Қарорда Пенсия жамғармаси хизматларини 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив, яъни фуқаро мурожаатисиз кўрсатиладиган шаклга ўтказиш мақсад қилиб белгиланган.
Пенсия банк иловасидаги ҳамёнга тушади
2027 йил 1 апрелдан Марказий банк барча тижорат банклари билан биргаликда пенсия ва бошқа тўловларни молиялаштиришнинг янги тизимини жорий этади. Унга кўра, тўловлар учун маблағлар тижорат банкларининг ягона ҳисобварақларига ўтказилади, банклар эса уларни пенсионерларнинг банк карталарига ёки банк мобил иловаларида очилган пенсия электрон ҳамёнларига юклайди.
Бошқача айтганда, пенсия олиш учун пластик карта шарт бўлмай қолади — маблағни мобил иловадаги ҳамён орқали ҳам қабул қилиш мумкин бўлади. Ҳамённи очиш, ундан пул ечиш ва ўтказиш шартлари қарорда келтирилмаган.
Карта очишда Face-ID
2026 йил 1 ноябрдан Марказий банк пенсионерларга банк картасини очиш билан боғлиқ хизматларни биометрик идентификация (Face-ID) орқали кўрсатиш тартибини жорий этади. Бунда пенсия олувчининг шахси юзни аниқлаш тизими ёрдамида тасдиқланади. Картани филиалга бормасдан, масофадан очиш имконияти Марказий банк белгилайдиган тартибга боғлиқ бўлади.
Айрим пенсиялар мурожаатсиз тайинланади
2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажми қисқаргани ёки корхона тугатилгани сабабли ишсиз деб топилган шахсларга ёшга доир пенсия умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал, фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. 2027 йил 1 январдан шу тартибда боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам тайинланади. Ҳар икки ҳолатда фуқаро проактив тайинланган пенсиядан воз кечиш ҳуқуқига эга.
Қарорга илова қилинган схемага кўра, ўлим ҳақидаги далолатнома қайд этилиши билан маълумот Пенсия жамғармасига автоматик юборилади. Пенсия марҳумнинг турмуш ўртоғи номига, у ҳам вафот этган бўлса — 18 ёшга тўлган фарзанди номига расмийлаштирилади. Барча маълумотлар келиб тушгач, жамғарма бир иш кунида қарор қабул қилади, натижа фуқарога СМС ёки почта орқали хабар қилинади.
Ариза — Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали
Бир қатор хизматлар фуқаронинг хоҳишига кўра Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилади:
- 2026 йил 1 ноябрдан — зарарли ва оғир меҳнат шароитида ишлаганлар ҳамда пенсия ёши қисқартирилган бошқа тоифаларга имтиёзли пенсия тайинлаш;
- 2026 йил 1 декабрдан — пенсиянинг бошқа турига ўтиш ва архив ёки ташкилотлардан келган қўшимча электрон маълумотлар асосида пенсияни қайта ҳисоблаш. Агар янги пенсия аввалгисидан кам чиқса, аввалги пенсия ўзгаришсиз қолади;
- 2027 йил 1 январдан — пенсияни картадан нақд пул шаклига ўтказиш, тўхтатиб турилган тўловларни тиклаш, пенсиядан қилинган чегирмалар, ҳисобланган пенсия ва ихтиёрий тўланган ижтимоий солиқ ҳақида маълумот олиш, яшаш манзили ўзгарганда пенсия йиғмажилдини ҳисобга қўйиш.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали иш стажи, олий таълимда кундузги ўқиш ва ҳарбий хизмат даврлари ҳақида маълумот олиш, давлат архивига иш ҳақи ва стаж бўйича электрон сўров юбориш мумкин бўлади. Пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларга бу ҳақда олдиндан хабар берилади. Айни санадан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжат ва маълумотларни қабул қилишни тўхтатади.
Иш стажи ва ижтимоий солиқ
2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишлаган шахслар ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, уларга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади.
2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга фуқаро ишламайдиган оила аъзоси иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда ихтиёрий равишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Ҳозирги 1 360 000 сўмлик энг кам миқдордан келиб чиқсак, бу ойига 163 200 сўмни ташкил этади (таҳр.).
Сунъий интеллект
Қарорга илова қилинган «йўл харитаси»га кўра, 2027 йил декабргача Пенсия жамғармасининг «Пенсия-2» дастурий мажмуасига сунъий интеллект механизмлари жорий этилади. Улар «Менинг пенсиям» хизмати орқали фуқаронинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиқиб кутилаётган пенсия миқдорини ҳисоблаб, уни ошириш бўйича турли сценарий ва тавсиялар беради. Шу билан бирга, тизим маълумотлардаги номувофиқликлар ҳамда пенсия, стаж ва иш ҳақидаги кескин ўзгаришларни аниқлаб, жамғарманинг ички аудит хизматига риск сифатида узатади.
Қарор Президентнинг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 июлдан пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилган эди. Ҳозирда ёшга доир энг кам пенсия ойига 983 минг сўмни, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 504 минг сўмни ташкил этади.
