14 октябрь куни Россиянинг Саратов вилоятига амалга оширилган дрон ҳужуми оқибатида вилоятнинг Балоково шаҳридаги Сбербанк маълумотлар маркази зарар кўрди. Бу ҳақда банк Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Александр Ведяхин маълум қилди.
«Маълумотлар марказига ҳужум уюштирилганини тасдиқлаймиз. Бироқ Сбербанкнинг барча тизим ва хизматлари одатдаги тартибда, узилишларсиз ишламоқда. Ходимлардан ҳеч ким жабрланмади», — деди раис ўринбосари.
Компания маълумотлар марказига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарлардан сўнг, Сбер акциялари кун давомида энг кўп қиймат йўқотган қимматли қоғозлар қаторидан жой олди.
Москва вақти билан соат 10:13 ҳолатига кўра, Москва биржаси маълумотларига кўра, Сбербанкнинг оддий акциялари 0,48 фоизга пасайиб, бир акция учун 285,77 рублни ташкил этди, имтиёзли акциялар эса 0,63 фоизга арзонлашиб, 286,18 рублга тушди. Компания акциялари бозорнинг умумий йўналишига тескари ҳаракат қилмоқда; айни пайтда MOEX индексига кирувчи компаниялар орасида фақат бештасининг кўрсаткичлари салбий (пасайишда) бўлиб турибди.
Ҳужумдан сўнг, Сбер ва унга алоқадор хизматлар фаолияти юзасидан шикоятлар сони ошди.
Сбой.рф ва Downdetector мониторинг хизматлари маълумотларига кўра, Москва вақти билан соат 11:00 дан бошлаб шикоятлар кескин кўпайган. Сбой.рф энг кўп шикоятларни Москва ва Москва вилоятидан қайд этаётган бўлса, Downdetector энг кўп мурожаатлар Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидан келаётганини билдирмоқда.

Фото: Downdetector
Шунингдек, Downdetector таъкидлашича, сўнгги 24 соат ичида Сбербанк бўйича келиб тушган шикоятларнинг аксарияти мобил илова ишидаги носозликлар билан боғлиқ.
Муаммолар Сберга боғлиқ хизматларга, жумладан, Самокат онлайн етказиб бериш хизмати ва ГигаЧат сунъий интеллект моделига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Самокат фойдаланувчилари буюртма бера олмаётганликларини айтишаётган бўлса, ГигаЧат сўровларга жавоб бермаётгани ёки тасвирларни ярата олмаётгани хабар қилинмоқда.
Россиянинг бошқа йирик хизматлари, жумладан, Mail.ru ва унинг булутли сақлаш хизмати, шунингдек, Озон маркетплейси ва Точка Банк фаолиятида ҳам узилишлар қайд этилмоқда.
Ўтган ҳафта Украина Yandex'нинг учта маълумотлар марказига ҳужум қилган эди; бу ҳолат бир қатор веб-сайтлар ишида узилишларга ҳамда Яндекс Банкдаги ҳисобларига кира олмаган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги шикоятлари кўпайишига сабаб бўлганди.
