OTP Bank Россиядан чиқиб кетиш режасини кўриб чиқмоқда

29.09.2026 09:20

227

Венгриянинг энг йирик банки — OTP Bank Россиядаги шўъба банкидан тўлиқ воз кечиш имкониятини ўрганмоқда. Стратегия қайта кўриб чиқилиши гуруҳнинг Болтиқбўйидаги Luminor банкини сотиб олиш битими Европа Марказий банки томонидан ўрганилаётган пайтга тўғри келди.

Фото: Akos Stiller/Bloomberg

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, OTP Bank раҳбарияти Россиядаги фаолият стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда ва мамлакатдан тўлиқ чиқиш вариантини ҳам истисно этмаяпти. Банк бош ижрочи директори Петер Чаньининг сўзларига кўра, бунга Болтиқбўйи давлатлари бозорига бўлган қизиқиш ва Россиядан қўшимча дивиденд олиш имкониятлари чекланганлиги сабаб бўлган. Қайта кўриб чиқиш жараёнлари шу йил охиригача якунланиши мумкин.

OTP 20 июль куни Blackstone бошқарувидаги фондлар ва Норвегиянинг DNB банкидан Болтиқбўйидаги учинчи йирик молиявий гуруҳ — Luminor'нинг 100 фоиз акциясини сотиб олиш бўйича битим имзолаган эди. Битим гуруҳни Эстония, Латвия ва Литва бозорларига олиб киради ва активларини 10 фоиздан ортиқ миқдорга оширади. Битим ҳозирда Европа Марказий банки Эстония молия назорати органи билан биргаликда ўрганилмоқда, қарор эса яқин ҳафталарда чиқиб қолиши мумкин.

Битим эълон қилингач, Литва банки гуруҳнинг Россияда фаолият юритиши «асосли саволлар туғдиришини» таъкидлаган эди. Эстония молия вазири Юрген Лиги эса OTP'нинг Россиядаги бизнесини «маънавий шармандалик» деб атаган.

OTP Россияда 2006 йилдан буён фаолият юритади ва мамлакат банк тизими активларининг атиги 0,4 фоизини назорат қилади. Шунга қарамай, Bloomberg ҳисобига кўра, шўъба банк фойдаси 2021 йилга нисбатан беш баравардан кўпроқ ошиб, 635 миллион долларга етган. Гуруҳнинг 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботида Россия бўлинмасининг соф фойдаси 201 миллиард 783 миллион форинт (+47%) деб кўрсатилган — бу гуруҳ умумий фойдасининг тахминан 17,6 фоизини ташкил қилади (таҳр.). Банк 2022 йилдан буён Россиядан қарийб 880 миллион долларлик дивидендни олиб чиққан. OTP юқори даромадни мижозларга евро ва бошқа валюталарда халқаро тўлов хизматлари кўрсатиш билан изоҳлайди.

Шу билан бирга, 2022 йилдан кейин банк Россияда корпоратив кредитлашни тўхтатган, ходимлар сонини 25 фоизга, филиаллар тармоғини эса 40 фоизга қисқартирган. Ҳозирда шўъба банк асосан аҳолига истеъмол кредитлари бериш ва депозит жалб қилиш билан шуғулланади.

П.Чаньининг сўзларига кўра, Россиядан чиқиш жараёни осон кечмайди, «айни пайтда банкни сотиш амалда имконсиз». Россия қоидаларига кўра, «дўст бўлмаган» давлатлар компаниялари активларини катта чегирма билан сотиши ва бюджетга бадал тўлаши шарт. OTP ҳисобига кўра, бундай шароитда сотувчига бизнес бозор қийматининг тахминан 5 фоизигина қолади.

Bloomberg ўрганган ҳужжатларда банк мижозлари орасида «Газпром» ва Россия давлат ташкилотлари билан боғлиқ компаниялар борлиги қайд этилган. Хусусан, мижозлардан бири Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин бошчилигидаги «Ватан тарихи» жамғармасидан маблағ олган. Ҳужжатларда санкция остидаги «Царьград» жамияти ва Константин Малофеевнинг 33,5 миллион рубллик режалаштирилган ўтказмаси ҳам тилга олинади. Маълум қилинишича, банкнинг ички текшируви санкциялар бузилганига оид далил топмаган.

Таққослаш учун, 2025 йилда Италия ҳукумати UniCredit'нинг Banco BPM'ни сотиб олишини маъқуллашни банкнинг Россиядан чиқиши шарти билан боғлаган, UniCredit кейинчалик таклифини қайтариб олган эди.

Эслатиб ўтамиз, OTP Bank 2023 йил июнида Ипотека-банкнинг 73,71 фоиз акциясини сотиб олган эди. Гуруҳ ҳисоботига кўра, 2025 йилни Ипотека-банк 49 миллиард 496 миллион форинт соф фойда билан якунлаган (-6%). Бу Россиядаги шўъба банк фойдасидан қарийб тўрт баравар кам.

Теглар:

#OTP#OTP-Bank#россия

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган