Капиталбанк BNY’да АҚШ долларида корреспондентлик ҳисоб рақамини очди

22.09.2026 13:06

71

"Капиталбанк” АТБ дунёдаги йирик молиявий институтлардан бири ва АҚШнинг энг қадимги банки бўлган BNY (The Bank of New York Mellon) да АҚШ долларида корреспондентлик ҳисоб рақамини очди.

Фото: Капиталбанк

Ҳисоб рақамнинг очилиши Капиталбанкнинг корреспондентлик тармоғини мустаҳкамлайди ва АҚШ долларидаги тўловлар билан ишлаш имкониятларини кенгайтиради. BNY билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик халқаро тўловлар самарадорлигини ошириш ҳамда банкнинг тўлов инфратузилмасини диверсификация қилишга хизмат қилади.

Шунингдек, вакиллик ҳисобварағи ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи Капиталбанк мижозлари учун хорижий контрагентлар билан ҳисоб-китоб қилишда қўшимча имкониятлар яратади.

“BNY’да корреспондентлик ҳисоб рақамининг очилиши Капиталбанк халқаро инфратузилмасини ривожлантиришдаги муҳим босқичдир. Биз учун бу нафақат АҚШ долларида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш, балки комплаенс жараёнларини ривожлантириш ҳамда бизнес юритишнинг халқаро стандартларига риоя этиш бўйича олиб борилган изчил ишлар натижасидир. Мижозларимизга халқаро амалиётлар учун кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида етакчи глобал молиявий институтлар билан тўғридан-тўғри муносабатларни ўрнатишда давом этамиз”, — дейди “Капиталбанк” АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Сардор Исмаилов.

Бугунги кунда Капиталбанк 17 та хорижий банк билан корреспондентлик муносабатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу эса АҚШ доллари, евро, Британия фунт стерлинги, Швейцария франки, Хитой юани ва бошқа валюталарни ўз ичига олган асосий жаҳон ва минтақавий валюталарда ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминлайди.

BNY (The Bank of New York Mellon) — 1784 йилда ташкил этилган АҚШнинг энг қадимги банки ва йирик глобал молиявий институтлардан бири. Банк активларни бошқариш, қимматли қоғозларга хизмат кўрсатиш ва корпоратив банк соҳасидаги хизматларни тақдим этади.

Теглар:

#капиталбанк#BNY

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган