Банкларнинг антифрод тизими 460 млрд сўмдан ортиқ шубҳали операцияни тўхтатди

17.09.2026 12:02

69

Марказий банк маълумотига кўра, жорий йилнинг январь–июнь ойларида банкларнинг сессион антифрод тизими жами қарийб 462 млрд сўм маблағнинг чиқиб кетишининг олдини олган. Бу сумманинг қарийб 93 фоизи учта банк — Халқ банки, TBC Bank ва Uzum Bank ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Getty Images

Марказий банк тижорат банкларида жорий этилган сессион антифрод (session antifraud) ва антивирус тизимлари натижаларини эълон қилди. Мазкур тизимлар Президентнинг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарорига мувофиқ жорий этилган. Қарор билан тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига онлайн хизматларда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш ҳамда антифрод тизимларини жорий этиш вазифаси юклатилган.

Сессион антифрод тизими банк операцияларини хавф даражаси бўйича таҳлил қилади. Юқори хавфли деб баҳоланган операциялар чекланади — шу орқали шубҳали операциялар бўйича маблағ чиқиб кетишининг олди олинади.

Session антифрод ва антивирус тизимлари натижалари / Манба: Марказий банк

Инфографикада келтирилишича, жорий йил январь–июнь ойларида банклар тизими бўйича 461,9 миллиард сўмлик шубҳали операция чекланган. Мазкур операцияларнинг тахминан 93 фоизи учта банк - Халқ банки (186,7 миллиард сўм) ва TBC Bank (175,5 миллиард сўм) ва Uzum Bank (68,1 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келади.

Кейинги ўринларда SQB (23,7 миллиард сўм), Ипак Йўли банк (5,6 миллиард сўм), Ҳамкорбанк (1,6 миллиард сўм) ва Ўзмиллийбанк (0,7 миллиард сўм) жой олган.

Ҳолатлар сони бўйича биринчи ўринда 2 миллион 221 мингдан ортиқ рақам билан Халқ банки, иккинчи ўринда 1 миллион 364 мингдан ортиқ ҳолат билан Ипак Йўли банк турибди. Эътиборли жиҳати, Ипак Йўли банкда ҳолатлар сони юқори бўлгани ҳолда тўхтатилган сумма 5,6 миллиард сўмни ташкил этган: бир ҳолатга ўртача 4,1 минг сўм тўғри келади. TBC Bank'да эса 93 минг 215 ҳолат бўйича 175,5 миллиард сўм тўхтатилган, яъни бир ҳолатга ўртача 1,9 миллион сўм. Uzum Bank'да бу кўрсаткич 3,8 миллион сўм, SQB'да 13,7 миллион сўмни ташкил этади.

Ҳамкорбанк (103 минг 105 ҳолат) ва Ўзмиллийбанк (101 минг 865 ҳолат) ҳам юз мингдан ортиқ ҳолат қайд этган.

Шу билан бирга, банкларнинг мобил иловаларида қурилмадаги зарарли .apk файллар ва дастурларни аниқлайдиган антивирус тизимлари ишлайди.

Зарарли дастур аниқлангани сабабли чекланган қурилмалар сони бўйича Ипак Йўли банк 991 минг 179 та билан кескин ажралиб турибди — бу жами 1 миллион 287 минг 236 та қурилманинг 77 фоизини ташкил қилди. Кейинги ўринларда Ориент Финанс банк (93 минг 117), Агробанк (55 минг 955), APEX BANK (30 минг 506) ва TBC Bank (29 минг 154) жойлашган. Рўйхатни Invest Finans Bank (23 минг 707), SQB (13 минг 544), Микрокредитбанк (11 минг 285), Tenge Bank (6 минг 914) ва Open Bank (5 минг 998) давом эттиради.

Зарарли дастурдан тозаланган қурилмалар бўйича ҳам Ипак Йўли банк етакчи — 57 минг 326 та, бу банкда чекланган қурилмаларнинг 5,8 фоизига тенг. Агробанкда 30 минг 997 та, APEX BANK'да 24 минг 997 та, TBC Bank'да 18 минг 181 та қурилма тозаланган. Invest Finans Bank ва SQB'да чекланган ва тозаланган қурилмалар сони бир хил. Бошқа банклар бўйича эса 25 минг 877 та қурилма чекланган бўлса, 1 миллион 820 минг 849 таси тозаланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк масофадан хизмат кўрсатишдаги киберхавфсизлик талабларига ўзгартиш киритганди. Хусусан, мобил иловада рўйхатдан ўтишда телефон рақами эгасининг ЖШШИРига мослиги текширилади, бошқа қурилмадан кирилганда аккаунтга боғланган барча карталар нофаол ҳолатга ўтказилади, веб-сайтлар орқали P2P ўтказмалар эса умуман тақиқланади.

Теглар:

#антифрод#антивирус#киберхавфсизлик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган