Марказий банкнинг пул агрегатлари статистикасига кўра, 1 сентябрь ҳолатига кенг маънодаги пул массаси (М2) август ойи давомида 3 трлн 208 млрд сўмни ёки 0,7 фоизга ўсиб, 437 трлн 720 млрд сўмга етган (1 август ҳолатига бу кўрсаткич 434 трлн 511 млрд сўм эди).

Манба: Марказий банк
Кенг маънодаги пул массасига муомаладаги нақд пуллар, шунингдек бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлари, хусусий сектор ва уй хўжаликларининг миллий ҳамда чет эл валютасидаги депозитлари киради.
Ўсиш сўм ҳисобига, қисқариш валюта ҳисобига
Миллий валютадаги пул массаси бир ойда 4 трлн 535 млрд сўмга ёки 1,3 фоизга кўпайган ва 365 трлн 736 млрд сўмга етган. Унинг М2 даги улуши 83,1 фоиздан 83,6 фоизга кўтарилган.
Чет эл валютасидаги депозитлар эса ой давомида қисқарган ягона компонент бўлган: улар 1 трлн 326 млрд сўмга ёки 1,8 фоизга камайиб, 71 трлн 983 млрд сўмгача тушган. Қайд этиш керакки, ушбу депозитлар сўм эквивалентида ҳисобланади, шу боис уларнинг ҳажмига валюта курси (долларнинг сўмга нисбатан қадрсизланиши) ҳам таъсир кўрсатади.
Энг тез ўсган компонент — талаб қилиб олингунча депозитлар
Тор маънодаги пул массаси (М1) 3 трлн 645 млрд сўмга ёки 2,3 фоизга ошиб, 165 трлн 467 млрд сўмга етган. Ўсишнинг деярли барчаси талаб қилиб олингунча депозитлар ҳисобига таъминланган: улар бир ойда 3 трлн 382 млрд сўмга ёки 4,0 фоизга кўпайиб, 88 трлн 919 млрд сўмни ташкил қилган. Бу — барча компонентлар орасидаги энг юқори ўсиш суръати.
Муомаладаги нақд пуллар (М0) эса атиги 263 млрд сўмга ёки 0,3 фоизга ошиб, 76 трлн 547 млрд сўмни ташкил қилган.
Миллий валютадаги бошқа депозитлар — асосан муддатли ва жамғарма депозитлар — 890,1 млрд сўмга ёки 0,4 фоизга кўпайиб, 200 трлн 270 млрд сўмга етган. Бу компонент пул массасининг 45,8 фоизини ташкил этади, яъни таркибдаги энг йирик қисм ҳисобланади (- таҳр.), бироқ ойлик ўсиш суръати бўйича охирги ўринлардан бирида турибди.
Йил давомида нима ўзгарди
Ўтган йилнинг мос даври — 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига (324 трлн 355 млрд сўм) нисбатан кенг маънодаги пул массаси (М2) 113 трлн 365 млрд сўмга ёки 35,0 фоизга кўпайган. Йил бошидан буён эса ўсиш 59 трлн 140 млрд сўмни ёки 15,6 фоизни ташкил этади.

Манба: Марказий банк
Талаб қилиб олингунча депозитлар бир йилда 46,5 фоизга, бошқа депозитлар 43,9 фоизга ошган бўлса, нақд пуллар 24,0 фоизга, чет эл валютасидаги депозитлар эса 14,8 фоизга кўпайган.
Икки узоқ муддатли тенденция кузатилган, биринчиси — нақд пулларнинг улуши пасайиб бормоқда. 2025 йил 1 сентябрда М0 пул массасининг 19,04 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 17,49 фоизга тушган. Яъни иқтисодиётдаги нақд пул ҳажми ортаётган бўлса-да, у пул массасининг қолган қисмидан секинроқ ўсмоқда.
Иккинчиси — долларлашув даражаси камаймоқда. Чет эл валютасидаги депозитларнинг М2 даги улуши бир йил аввалги 19,33 фоиздан 16,45 фоизга, йил бошидаги 18,37 фоиздан эса 1,9 банд пасайган.
