Ўзбекистонда сўмга боғланган HUMO стейблкоини синовдан ўтказилмоқда

08.09.2026 16:08

81

Ўзбекистонда 1 HUMO = 1 сўм курси бўйича барқарор токенни чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмларини синовдан ўтказиш бошланди. Токен давлат қимматли қоғозлари билан таъминланади, тажриба-синов лойиҳасида 20 дан ортиқ мерчант иштирок этади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 12 ойга мўлжалланган.

Фото: Coinbase

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги «HUMO Digital» МЧЖни барқарор токенлар муомаласи бўйича махсус тартибга солиш режими — «регулятив қумдон» иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказди.

Лойиҳанинг ҳуқуқий асоси — Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-359-сон қарори ҳисобланади. Лойиҳа Марказий банк билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Тажриба-синов доирасида барқарор токенни чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмлари текширилади. Шу билан бирга банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмаларини бирлаштириш имконияти синовдан ўтказилади.

Эълон қилинган мақсад сифатида «ҳисоб-китобларни тезлаштириш ва операциялар шаффофлигини ошириш имкониятини баҳолаш, шунингдек ушбу технологияга хос таваккалчиликларни аниқлаб, уларни камайтириш чораларини ишлаб чиқиш» кўрсатилган. Кенгроқ доирада лойиҳа рақамли молиявий технологияларни ривожлантириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар қамровини кенгайтириш вазифаларига қаратилган.

Синов давомида токен таъминотининг хавфсизлиги, ахборот ҳимояси ҳамда лойиҳага хос тизимли таваккалчиликлар алоҳида баҳоланади.

HUMO токени давлат қимматли қоғозлари билан таъминланади. Яъни муомалага чиқарилган ҳар бир токен ортида эмитентнинг заҳирасидаги давлат облигациялари туради — бу барқарор токенларнинг халқаро амалиётда энг кенг тарқалган таъминот моделларидан бири ҳисобланади.

Курс қатъий белгиланган: 1 HUMO 1 сўмга тенглаштирилган. Токен Ўзбекистон ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақини тўлаш воситаси сифатида қўлланилади.

Лойиҳада эмитент — «HUMO Digital» МЧЖ, шунингдек крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон лицензияларига эга «Asterium» АЖ иштирок этади. Тижорат банклари ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг жалб этилиши режалаштирилган, ҳозирча 20 дан ортиқ тадбиркор мерчант сифатида қатнашишга тайёрлигини билдирган.

Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки муддати — 12 ой. Зарурат бўлса муддат узайтирилиши мумкин, лекин умумий давомийлик уч йилдан ошмайди. Тажриба-синов Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банкнинг биргаликдаги назорати остида олиб борилади.

Барқарор токенлар бўйича «регулятив қумдон» — Ўзбекистонда молия бозорининг янги сегментларини чекланган доирада синаш учун қўлланилаётган навбатдаги махсус ҳуқуқий режим. Шунга ўхшаш тартиб капитал бозорида ҳам ишламоқда: махсус режим доирасида тижорат банклари жорий йилда маҳаллий бозорда илк бор хорижий валютадаги корпоратив облигацияларни жойлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, HUMO токенини чиқариш бўйича тажриба-синов лойиҳаси илк бор 2025 йил май ойида эълон қилинган эди. Ўшанда Миллий банклараро процессинг маркази токен давлат облигациялари билан таъминланиши, бу эса унинг қиймати барқарорлигини таъминлаши, лойиҳа миллий крипто-хизматлар провайдери «Asterium» ва тақсимланган реестр технологиялари бўйича халқаро компания Broxus билан биргаликда амалга оширилиши маълум қилинганди.

Теглар:

#humo#Марказий_банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган