Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда, аввало, маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига ажратилаётган кредит ва бошқа молиявий ресурсларнинг самарадорлиги танқидий таҳлил қилинди.
"Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилди. Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти", — деди президент.
Бир хил кредит, турлича натижа
Йиғилишда ажратилган кредит ресурсларининг натижадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинди. Масалан, Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил — 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси берилган.
Шароф Рашидов туманида ушбу маблағ ҳисобидан 30 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бу бир кишига ўртача 78 миллион сўмдан тўғри келади.
Қарши туманида эса 13 минг эҳтиёжманднинг шароити яхшиланиб, бир кишини камбағалликдан чиқариш учун ўртача 176 миллион сўмлик кредит ресурси сарфланган.
Шунингдек, Қамаши ва Пискент туманларига ҳам 1 триллион 100 миллиард сўмдан кредит берилган. Қамашида ушбу маблағлар ҳисобидан 28 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлса, Пискентда бу кўрсаткич атиги 4,5 минг кишини ташкил этган. Натижада Пискент туманида бир кишини камбағалликдан чиқаришга ўртача 250 миллион сўмлик кредит тўғри келмоқда. Ваҳоланки, бошқа ҳудудларда шунча маблағ ҳисобига саноат соҳасида юқори даромадли ва доимий иш ўринлари яратилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандиҳон, Бешариқ ва Фарғона туманлари, шунингдек, Нурафшон, Бекобод ва Янги йўл шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилаётгани айтилди.
62 минг аҳоли кредитни қайтаришга қийналмоқда
Йиғилишда банкдан кредит олиб, бироқ бизнесини йўлга қўя олмаган 62 минг нафар аҳоли кредит қарзларини қайтаришга қийналаётгани қайд этилди. Бунинг сабабларидан бири сифатида жойлардаги мутасаддиларнинг лойиҳалар билан ишлаш кўникмалари етарли эмаслиги кўрсатилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Маълум қилинишича, атиги 1 мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири "лойиҳавий ёндашув" асосида ишлашни билади. Қолган мутасаддиларнинг аксарияти кимга кредит кераклиги ва қайси лойиҳани қандай молиявий инструмент орқали қўллаб-қувватлаш мумкинлигини етарлича баҳоламаётгани танқид қилинди. Жумладан, қайси лойиҳа кредит, лизинг, факторинг, кафолат, суғурта, айланма маблағ, шартнома асосида молиялаштириш орқали қўллаб-қувватланиши мумкинлиги бўйича таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди.
Президент кредит ажратиш жараёнида лойиҳа мазмунидан олдин ҳамон "Гарови борми?" деган савол устун бўлиб қолаётганини танқид қилди. Шунингдек, тадбиркорларга кредит ажратишда бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётгани ва кредитларни қайтариш графиклари бизнеснинг ўзига хос хусусиятларига мослаштирилмагани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, деҳқончилик, савдо ва бошқа бизнес йўналишлари учун кредитларни қайтариш муддатлари уларнинг пул оқими ва мавсумий хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланиши зарурлиги таъкидланди.
Имтиёзли кредитларни бошқариш туман штабларига ўтказилади
Йиғилиш якунларига кўра, оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳозирда оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд. Эндиликда туман штаблари маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб, кимга ва қанча кредит ажратишни, кредитни нақд ёки нақдсиз шаклда беришни, маблағни қайтариш муддатини узайтиришни, тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни, инклюзив молиялаштириш масалаларини мустақил ҳал қилиши мумкин бўлади.
Кооперация қилган тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит
Янги ёндашувда кооперация асосида ишлаётган тадбиркорларни молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, унга 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши мумкин.
Шунингдек, кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади.
Туманлар ихтиёрига 3,2 триллион сўм ресурс берилади
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш билан боғлиқ бир қатор жамғармалар маблағлари ҳам туман штаблари ихтиёрига ўтказилади.
Жумладан:
— Камбағаллик жамғармасидан 240 миллиард сўм;
— Бандлик жамғармасидан 100 миллиард сўм;
— учта "дафтар" тизимидаги 760 миллиард сўм;
— Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар назарда тутилган 300 миллиард сўмлик қолдиғи.
Эндиликда туман штаблари субсидия ёки фоизсиз ссуда ажратиш масаласини ҳам мустақил ҳал қилиши мумкин. Шу тариқа, туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўмлик ресурс йўналтирилади. Бунда асосий эътибор маблағни шунчаки ажратишга эмас, балки унинг аниқ иқтисодий ва ижтимоий натижа беришига қаратилади.
Молиялаштириш механизмлари ҳар чоракда янгиланади
Йиғилишда кредит, субсидия ва компенсациялар шартларини алоҳида фармон ва қарорлар билан қатъий белгилаш амалиётидан воз кечилиши маълум қилинди.
Эндиликда Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банк ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва мавжуд эҳтиёжларидан келиб чиқиб, молиялаштириш механизмларини ҳар чоракда янгилаб боради. Бу ҳудудлардаги бизнеснинг ўзига хос хусусиятларига мосроқ молиявий инструментларни шакллантириш имконини бериши кутилмоқда.
8 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари қайта баҳоланади
Туман штаблари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини "лойиҳабай" ишлаш тизимига ўтказади. Бунинг учун 8 минг 992 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти қайта кўриб чиқилади. Вазифани бажара оладиган кадрлар лавозимига қайта тайинланади, фидойи ва ташаббускор ходимлар қўллаб-қувватланади, ишига нолойиқ деб топилганлар эса янгиланади.
Мутасаддиларга икки ой муддатда махсус ўқув марказини ташкил этиб, унга хориждан мутахассисларни жалб қилиш топширилди. Ушбу марказда ҳоким ёрдамчилари лойиҳаларни аниқлаш, тайёрлаш ва амалга ошириш асосида ишлашга ўқитилади. Йил якунида ҳар бир тумандан энг яхши икки нафар ҳоким ёрдамчиси Хитой, Япония ва Туркияга малака оширишга юборилади. Энг намунали ҳоким ёрдамчиларига алоҳида малака даражаси берилиб, уларнинг иш ҳақига 50 фоизгача устама тўланади. Маҳалла банкирларини ҳам шу тартибда ўқитиш ва уларнинг хорижий стажировкасини ташкил этиш топширилди.
Бош прокуратурага эса банкирлар ва ҳоким ёрдамчиларининг мустақил қарор қабул қилишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш вазифаси белгиланди.
