Фазлиддин Бозоров янги намунадаги пул белгилари ҳақида гапириб берди

image_2021-12-15_19-22-24

Аввал хабар берганимиздек, 22 декабрдан Марказий банк янги намунадаги 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотлар эмиссия қилишни бошлайди.

Кеча, 16 декабрь куни Bankers.uz телеграм каналида Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти директори Фазлиддин Бозоров билан "Янги намунадаги пул белгилари ҳақида" тўғридан-тўғри эфирда овозли чат бўлиб ўтди.

Фазлиддин Бозоровнинг сўзларига кўра, янги намунадаги банкнотларни эмиссия қилишда уларни қалбакилаштиришнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя элементларини кучайтириш ҳамда пул белгиларининг хизмат қилиш муддатини узайтиришга эътибор қаратилади. Шу нуқтайи назардан янги намунадаги 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотлар 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотларга қараганда ҳимоя элементлари кўпроқ.

Шу билан бирга, янги намунадаги 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотлар жорий йилда бошланган "Буюк ипак йўли" тематикасидаги банкнотлар туркумининг давоми ҳисобланади.

Мутахассис "Буюк ипак йўли" тематикасидаги банкнотларнинг шу вақтга қадар банкоматларга қўйилмаслигига сабаб сифатида ушбу банкнотлар миқдорининг камлигини келтирди. "Банкоматлар орқали янги намунадаги банкнотларни бериш учун банкоматларнинг кассеталарини янги купюраларга мослаштириш керак. Бу унча кўп вақт олмайди. Агар ушбу кассеталарни тўлдириш учун керакли миқдорда банкнотлар банкка келиб тушмаса, банк ушбу кассеталарни бўш қолдиришига тўғри келади. Бу эса банкомат имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермайди. Янги кўринишдаги банкнотлар муомалага етарли миқдорда чиқарилмагунча, бу озгина муаммо туғдириши мумкин. Лекин жойларда Марказий банк HUMO карталарга хизмат кўрсатувчи банкоматлари ўрнатилган. Бу банкоматлар орқали пластик картадаги пулни ҳозирда янги намунадаги банкнотларга алмаштириш мумкин...

1 декабрь ҳолатига кўра, 33 миллион дона 2000 сўмлик, 23 миллион дона 20 000 сўмлик янги банкнотлар эмиссия қилинган. Банкнотлар сони 100 миллион донадан ошганда банкоматларга қўйиш тўғрироқ бўлади", — дейди Ф.Бозоров.

Шунингдек, Ўзбекистонда полимер банкнотлар эмиссия қилиниши мумкинми деган саволга жавобан мутахассис бундай иш режалаштирмаганини билдирди: "Полимер банкнотлар, асосан, намлик юқори бўлган мамлакатларда эмиссия қилинади. Бизнинг иқлим эса нам эмас. Полимер банкнотларни чоп этиладиган хом ашё мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайди. Бу эса банкнотларни эмиссия қилишда импорт маҳсулотларга бўлган талабни оширади. Бундан ташқари полимер банкнотлар оддий банкнотларга нисбатан таннархи қимматроқ бўлади".

 

×