Марказий банк стипендиясига аризалар қабул қилиниши бошланди

02.09.2026 16:47

178

Марказий банк олий ўқув юртларининг иқтисодиёт, банк иши, молия, юриспруденция ва АТ йўналишлари кундузги бакалавр ва магистр босқичи битирувчилари учун махсус стипендия танловини эълон қилди. Стипендия миқдори БҲМнинг камида уч баравари этиб белгиланган, аризалар Телеграм-бот орқали 11 сентябргача қабул қилинади.

Фото: finance.yahoo.com

Марказий банк махсус стипендия дастури бўйича талабларни ва танлов тартибини эълон қилди. Стипендия иқтисодиёт, банк иши, молия, юриспруденция ва ахборот технологиялари йўналишларида таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек Марказий банк тизими учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида жорий этилган.

Дастур ҳар йили ўтказилади ва унда республикадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этиши мумкин. Танловда қатнашиш ҳуқуқи бакалавриат ҳамда магистратуранинг сўнгги босқичи кундузги бўлимида ўқиётганларга берилади.

Стипендиатлар Марказий банкнинг тегишли бўлинмаларида ҳафтасига 15 соатдан ошмаган тарзда амалиёт ўташ имконига эга бўлади.

Талабгорларга қўйилган асосий шартлар — сўнгги ўқув йили якунига кўра юқори рейтинг кўрсаткичи, давлат тилини мукаммал билиш ҳамда рус ва инглиз тилларини камида B2 даражасида эгаллаш. Мутахассисликлар рўйхатига иқтисодиёт, макроиқтисодиёт, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, статистика, молия ва молиявий технологиялар, банк иши, бухгалтерия ҳисоби, сунъий интеллект, дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги, ахборот тизимлари ва технологиялари, юриспруденция, медиадизайн, ўзбек тили филологияси, шунингдек таржима назарияси ва амалиёти йўналишлари киритилган.

Танловда қуйидагилар устунлик мезони сифатида қаралади:

  • ACCA ва бошқа халқаро молиявий сертификатларга эга бўлиш;
  • Big Data билан ишлаш кўникмаси;
  • IELTS сертификатида 7.0 ва ундан юқори балл;
  • иқтисодиёт, молия ёки ахборот технологиялари йўналишидаги халқаро ва республика олимпиадаларида ғолиб ёки совриндор бўлиш.

Аризалар Марказий банкнинг телеграм боти - cbu_official_bot орқали, Марказий аппарат ёки тегишли ҳудудий бош бошқарма танланган ҳолда топширилади. Ҳужжат қабули 11 сентябрда якунланади.

Танлов уч босқичда ўтказилади. 15 сентябрь куни соат 10:00 да масофавий тест синови бўлиб ўтади: иқтисодиёт, банк иши, молия ва статистика мутахассисликлари учун макроиқтисодиёт ва мантиқий фикрлашга оид саволлар, юриспруденция, ахборот технологиялари ва бошқа йўналишлар учун мантиқий фикрлаш ҳамда соҳага оид саволлар берилади. 16 сентябрь куни соат 11:00 да Google Meet орқали хорижий тилларни билиш даражаси баҳоланади. 18 сентябрь куни соат 10:00 да эса энг муносиб номзодлар Эксперт гуруҳи суҳбатига таклиф этилади; ҳудудларда ҳудудий эксперт гуруҳлари фаолият юритади.

Маълумот учун телефон рақами — (71) 212-60-91.

Теглар:

#стипендия#талаба

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган